Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Уй вазифаси”
19:21 / 2020-04-01

Дунё дунё бўлибдики, вақти-вақти билан азалий, қизиқ бир ҳақиқат билан юзма-юз келаверади. “Тақиқланган нарсалар қўриқланади!” – ҳақиқат шу.


Дунё дунё бўлибдики, вақти-вақти билан азалий, қизиқ бир ҳақиқат билан юзма-юз келаверади. “Тақиқланган нарсалар қўриқланади!” – ҳақиқат шу.

Мантиқан ўйланса, моҳиятнинг ўша қизиқ жиҳати маълум бўлади: тақиқлангани рост, қилиниши ман этилган нарсаларнинг барчаси одамларга аниқ-яққол бўлиши учун деярли чизиб берилган, буни (ўйлаймизки) барча бирдек билиб-тушуниб англаб турибди. Лекин... шундай бўлса-да... барибир тақиқланган нарсалар қўриқланади! Не ажабки, бунинг сабаби ҳам инсониятнинг ўзидек қадимий асосларга эга, бир сўз билан айтганда, инсон табиатидаги табиийликка бориб тақаладигандек. Нега шундай? Негаки, инсон пинҳоний моҳиятга, яширин нарсага, бир сўз билан айтганда, айнан тақиқланган нарсага, негадир, ўзгача интиқликни ўзида ҳис қилади. Қадимийлик ниқоби билан қанчалик бежамайлик, буни – бугуннинг манзарасига мослашнинг ўзи ноўрин, янаям тўғрисини айтганда, бундай қилишга уринишнинг ўзи замон ичра замонавий мантиқсизлик бўлиб чиқади, десак тўғри бўлади!

Оммавий ахборот воситаларида маълумотлар тарқалаяпти:

“Кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан шаҳар кўчаларидаги автомобиллар қатнови камаймаяпти. Бугун рейд ўтказилмоқда”.

“Учтагача тўпланиш у ёқда турсин, одатдагидан кўра кўпроқ (айниқса, айрим домлар атрофида) одамлар тўп-тўп бўлиб, вазиятнинг дунё миқёсидаги ҳолатлари муҳокама қилинмоқда”.

“Фалон-фалон русумдаги автомобилларни “доставка” учун расмийлаштириб рухсат олишга уринишларни қандай баҳолаш мумкин, улар тадбиркор номига доғ туширмоқда”.

Албатта, бундай мисолларни давомли тарзда келтириш мумкин, уларнинг саноғи кўп бўлиши ҳам шубҳасиз. Элчилик-да. Лекин ҳаёт шундай эканки, унинг ҳар бир турланиши, ҳатто, биз учун мушкул кўринган вазиятида ҳам инсонга маълум имкониятлар дунёсини очавераркан. Инсон бу имконларни кўрса бўлди, шунда боягидек тақиқланган нарсаларнинг (кенг қамровли ҳаракатлар билан) қўриқланишига ҳам ҳожат қолмайди. Мен узоққа бормайман. Мана, бир неча кундан буён уйдаман – уйдамиз. Одаммиз ҳаммамиз, яшириш ноўрин, кечагача кўпчилик ўзига сиғмасдан зериккан бўлиши мумкин. Лекин инсоннинг ичида, менимча, бир буюк куч бор. Шу буюк куч – унинг ўзини қийнай олиши. Ўзимча, ўйлайман, инсондан бошқа бирор бир мавжудот ўзини инсончалик қийнаб, охир-оқибат... ўзи учун фойдали самаралар завқини туя олмаса керак! Қийналган инсон бахтли бўлади, диванда телевизор пулътини “айлантириб” ётганлар эмас албатта.

Бугун билмаган одам қолмади – мабодо кўчага чиққанда ҳам ҳимоя воситаларида бўлиш кераклиги, уйдан чиқмаслик лозимлиги – буларнинг ҳаммаси – бугуннинг ҳаммамиз қилишимиз мумкин бўлган талаби. Тушунарли бу, бунга ортиқча изоҳнинг ўзи шарт ҳам эмас. Лекин масаланинг энг муҳим тарафи бошқа – уйда ўтириш керак – бекор ўтирмаслик керак.

У ёғини сўрасангиз, одамлар унча-мунчага эътибор қаратавермайдиган сукунатда ҳам инсон учун чексиз имкониятлар бор. Мен шунга ишонаман, нега десангиз, ўзим айни шу имконларнинг изтиробида “қоврилиб” кўп нарсаларга уриниб қолганман. Бунинг нечоғлик уддасидан чиққаним – бошқа мавзу албатта, муҳими, мен шунга уриниб кўраман ва бунда давом этаман. Инсон қаршисидаги имкон, ҳис қилинган имкон, фойдаланилиши мумкин бўлган имкон – кишини уволдан, заволдан, беҳуда хаёллардан ва табиийки, ножўя қадамлардан сақлагувчи имкон. Шундай экан, бугуннинг талаби – уйда қолиш – аввало, ҳар биримиз учун ажиб имкон экани рост. Уни чинакамига ростга — самарага айлантириш ўзимизнинг қўлимизда.

Оиламизда фақатгина кичик ўғлим – мактаб ўқувчиси, еттинчи синфда. У яқин-яқингача деярли бекорчи эди. Уйда мен борлигим (отанинг қораси – ҳушёрлик) учун китоб ўқигандек бўлиб кун ўтказиб турувди. Икки кундан буён телевизор орқали бериладиган дарслари бошланди. Мўъжизани қарангки, икки кундан буён у оиламиздаги энг кўп ва энг катта миқёсда “меҳнат қилаётган” одамга айланди – бўш вақти йўқ-да. (Телеграм орқали унинг ишларини кузатишимам ота-онага қулай).

Унга қараб ҳавас қилдим, (бекор бўлмаётгани учун) шундай ўйлаётганимни ўзигаям айтиб турибман. Негаки, бизнинг ҳам тарбиямиз шундай – болалигимиздан қишлоқда қанчалик кўп иш қилсак, дарсларимизни қанчалик кўп тайёрлаб... “беш”лар олаверсак, ота-онамизга шунчалик кўп ёқишимизни билардик – шу билишимизнинг ўзи рағбат эди биз учун. Эътибор бераяпсизми, ота-онамиз бизга кўп иш қилганимиз ёки яхши ўқийверганимиз учун маълум рағбат ўрнида фалон сўм пул бериб ё бўлмаса, нималарнидир пайдар-пай олиб бериб туравермаган. Шунчаки... уларни бизни янада яхши кўрган, яхши кўрганини билдириб... бирозгина кўпроқ эркалагандир балки. Лекин бу биз учун рағбат, бугуннинг истилоҳи билан айтганда кейинги интилишларимиз учун “стимул” бўлган экан-да.

Ҳар бир одам бутун умри давомида “уй вазифаси”ни мунтазам бажариб юриши лозимлиги рост. Уй вазифасига синчков ёндашиб уни яхши тайёрловчиларни эса ҳаётнинг ўзи тақдирлаб борса ҳам ажабмас. Бугун эса уй вазифалар анча-мунча тўпланиб қолгани билиниб қолди – буни ҳамма ўз ҳаёти мисолида кўриб-билиб турибди. Шулардан келиб чиқиб ўйлаб қоламан, бугун уйда қолиш керак, уйда қолганлар эса бекор бўлмаса нур устига аъло нур бўлади! Ахир имкон бор, карантин – шундай имкон!

Сиз эса, азиз юртдошим, муаммога эътибор берманг, шунчаки, уйда қолинг, ўзингизни пок тутинг ва бафуржа “уй вазифаси”ни бажаришда давом этинг. Муаммо ҳақида ўйламанг, тартибларга риоя қилиб, муаммони ўйламасангиз, у сиз учун ўзининг мавжудлигини йўқотади. Йўқ нарсани ўйламасдан, борини — “уй вазифаси” ўйласак – олам гулистон...