English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уйғониш даври ҳақида нималарни биласиз?
14:50 / 2020-07-25

Ёки Сомонийлар давлати бошқаруви ва ҳуқуқий тизимига бир назар

Ёки Сомонийлар давлати бошқаруви ва ҳуқуқий тизимига
бир назар

Тарих зарварақларига назар ташласак, урушлар тараққиётгасалбий таъсир кўрсатган бўлса, ўзаро савдо ва маданий алоқалар алмашинуви, илм-фанга берилган эътибор эса ривожланишга катта ҳисса қўшган.

Юртимиз ҳудудида қадимдан илм-фанга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида нафақат юртимиз, балки бутун инсоният илмий тараққиётининг юксалишида муҳим аҳамиятга эга бўлган Уйғониш даври маданияти жараёни юзага келганини кўришимиз мумкин.

Марказий Осиё - Шарқ ренессансининг асосий маркази ҳисобланган. Минтақада дунёвий илмларга интилиш, маданий бойликлардан фойдаланишга бўлган улкан қизиқиш Шарқ Уйғониш даври маданиятининг асосий белгилари сифатида намоён бўлади.

Бундан ташқари, диний тасаввур ва таълимотлар негизида диний-ахлоқий мавзунинг устунлиги, инсон ҳулқи, ички маънавий камолоти, шахс сифатида юксалиши, комиллик сари интилиш йўлларининг ривожланиши каби омиллар ҳам Уйғониш даври маданиятининг ажралмас қисмидир.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, барча даврларда ҳам давлатчилик сиёсатида маданий муҳитнинг ривожланишига катта эътибор қаратилиши бевосита ҳар қандай мамлакатда илм-фан ривожланиши билан боғлиқ бўлиб келган. Хусусан, айнан Шарқ Уйғониш маданиятининг пайдо бўлиши ва ривожланишида IX-X асрларда Моварауннаҳр ва Хуросон ҳудудларида мавжуд бўлган Сомонийлар давлатининг аҳамияти катта.

Тарихий воқеликлар гувоҳлик берадики, ҳар қандай давлатда фан ва маданиятнинг тараққий этиши, ўз навбатида, ушбу жамият ҳаётида илм-фаннинг тутган ўрни ва унга берилган эътибор билан белгиланган. Айнан Сомонийлар давлати ҳам мазкур тарихий хақиқатдан истисно эмас.

Бироқ, шуни ҳам таъкидлаш жоизки, қачонки давлат бошқаруви мукаммал, барқарор механизм асосида ишласагина, ушбу давлат сиёсатида илм-фанга эътибор кучаяди. Ўрта асрлардаюртимиз ҳудудида мавжуд бўлган Сомонийлар давлатиҳам ўша давр ҳаёти учун мукаммал бошқарув тизимини ярата олдики, бунинг натижасида бизнинг юртимиз ҳудудида илм-фан соҳасида мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди.

Сомоний ҳукмдорлар Моварауннаҳр ва Хуросонда мустақил давлат тузиш учун дастлабки ўриндакучли марказлашган бошқарув тизими жорий этилиши зарурлигини яхши тушунган. Бу, айниқса, маърифатпарвар ҳукмдор Исмоил Сомоний ҳукмронлиги йилларида долзарб масалага айланди.

Шу боисдан ҳам айнан Исмоил Сомоний томонидан бошқарувда маъмурий ислоҳот ўтказилиб, унга биноан бошқарув тизимининг асосини Олий ҳукмдор даргоҳи (сарой) ва девонлар (вазирликлар) мажмуи ташкил этилиши белгилаб қўйилди. Жумладан, даргоҳда асосан ҳукмдор ва аёнларнинг яшаш жойлари мавжуд бўлиб, даргоҳ ўша давр учун энг мукаммал бўлган ҳарбий қўриқлов тизими асосида қўриқланган. Бош Ҳожиб ва унинг кўл остидагилар даргоҳ ҳамда бошқа қатор муҳим давлат идораларининг ҳавфсизлигини таъминлашга масъул бўлган.

Девон бошқаруви ўн йўналишдан иборат бўлиб, пойтахт Бухорода алоҳида биноларда жойлашган. Девон таркибига бош вазир, молия, давлат расмий ҳужжатларини ишлаб чиқиш, солиқчилар, хат-хабарлар, сарой иш бошқарувчиси, мухтасиб(шаҳар ва қишлоқларда, кўча ва бозорларда ижтимоий тартибни ҳимоя қилиш, диний маросимларни амалга оширишда чегарадан чиқмаслик каби ишларни бажарувчилар хизмати); вақфлар, қозичилик ишлари девонлари киритилган.

Мазкур девонларнинг маҳаллий жойларда бўлимлари мавжуд бўлиб, марказий ҳокимият билан маҳаллий ҳокимият тизими ўртасида узвий боғлиқликка алоҳида эътибор қаратилган. Давлат ишларига қабул қилишда давлат тилини мукаммал билиш, замона ҳуқуқ меъёрларидан тўлиқ хабардорлик, тарих, адабиёт илмларини ўзлаштирганлик, ҳисоб-китоб ишларида билимдонлик каби бир қатор талаблар мезони мавжуд бўлган.

Юқорида келтириб ўтилган маълумотлардан шундай хулоса чиқариш мумкинки, сомонийлар даврида давлат бошқаруви ва ҳарбий сиёсатнинг ўз даври учун мураккаб ва салоҳиятли тизими ташкил топган. Шунингдек, давлатнинг умумий йиллик даромади 45 миллион дирҳамни ташкил этгани ҳолда шундан 20 миллион дирҳами давлат бошқаруви ва лашкарларга сарфланган. Бу давлат бошқарув тизимига жуда катта эътибор қаратилганидан дарак беради.

Сомонийлар давлатида жорий этилган бундай бошқарув тизимидан кейинчалик Темурийлар ҳамда ХVI асрдан Ғарбий Европа давлатларининг бошқарув тизимининг асосларини яратишда фойдаланилиб, янада ислоҳ қилиниши ҳам унинг ўз замонаси учун мукаммал тарзда яратилгани далилидир.

Сомонийлар давлатида барча соҳалар каби ҳуқуқ тизимида ҳам мукаммал механизм яратилган. Давлат ҳудудининг улканлиги ва унда турли ҳил халқлар ва қабилалар истиқомат қилганлиги сабабли ундаги қонун-қоидалар ҳам бир-биридан қисман фарқ қилган. Ислом ҳуқуқшунослиги давлат хуқуқий тизимида асосий ўринни эгалласада, бошқа миллат ва элатларнинг урф-одат ва қонун-қоидалари ҳам бутунлай йўққа чиқарилмаган.

Ислом ҳуқуқшунослиги ҳуқуқ тизимининг асосий манбаи бўлганлиги боис фуқаролик ҳуқуқи, жиноят ҳуқуқи ва суд ишлари шариатга мувофиқ амалга оширилган. Жисмоний шахслар фуқаролик муносабатлари субъекти сифатида кўрсатилган. Юридик шахсларнинг ҳуқуқий позицияси ўша давр шароитидан келиб чиқиб алоҳида шаклда белгиланмаган бўлсада, жисмоний шахсларнинг тўла ҳуқуқ лаёқатига эга, тўлиқ бўлмаган ҳуқуқ лаёқатига эга ва ҳуқуқ лаёқатига эга бўлмаган каби турларга бўлинган.

Шахсларда ҳуқуқ лаёқати туғилиши билан (мерос масалаларида эса баъзан туғилмасидан ҳам аввал) юзага келиб, ҳуқуқ лаёқатига эга бўлишда шахснинг жинси, табақаси, диний эътиқоди ва айниқса, мулкий аҳволи муҳим рол ўйнаган. Тўлиқ даражадаги ҳуқуқ ва муомала лаёқатига мулкдор мусулмон эркаклар, ҳукмрон табақа вакиллари эга бўлган. Инсон вафоти ёки бедарак йўқолгани сабабли унинг ҳуқуқ лаёқати ҳам ўз-ўзидан тугатилган. Ёш болалар, 15 ёшга тўлмаган вояга етмаганлар, шунингдек, руҳий хаста ва ақли заифлар муомала лаёқатига эга эмас, деб ҳисобланган.

Сомонийлар давлатида суд ишлари шариат қонун-қоидаларига асосланган ҳолда қозикалон, қозилар, муфти ва раислар томонидан амалга оширилган. Оғир жиноят содир этган шахсларга ўлим жазоси ёки узоқ муддатли қамоқ жазоси тайинланган. Вилоятларда оғир жиноят содир этганлар қозикалон ёки амир ҳукмига ҳавола этилган. Агарда жиноятчи ўлим жазосига маҳкум этилган бўлса, бу жазонинг ижросидан аҳоли ибрат олиши учун ҳукм ижроси Бухоро Регистонида амалга оширилган. Ўғирлик қилган жиноятчилар эса муҳтасиб ва унинг миршаблари томонидан ушланиб, шаҳар маркази ёки бозорларда аҳоли гувоҳлигида қўли чопиб ташланган. Агар жиноятчининг қилмиши енгил, деб топилса, унга тан жазоси (калтак, дарра) ёки жарима солиш билан кифояланилган.

Хулоса қилиб айтганда, ўзбек давлатчилиги тарихида Сомонийлар давлати илм-фан соҳасида улкан илмий янгиликларга эришганлиги ҳамда бошқарув ва ҳуқуқнинг мукаммал тизимини ўрната олганлиги билан алоҳида ўрин эгаллайди.

Бакзод Абдуллаев,

Юристлар малакасини ошириш

маркази масъул ходими.