English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ухлаётган “уйғоқ кўзлар” ёхуд айрим ёшлар тақдирига ким масъул?
09:31 / 2022-08-29

Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан айни даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда БМТ минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан илиқ қаршиланди. Ўзбекистон раҳбари бунга асос қилиб, бугун дунё миқёсида ёшларнинг сони икки миллиарддан ортиб кетгани, халқаро терроризм ва экстремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларга ҳимоя зарурлигини муҳим омиллар сифатида асослаб берди.

Бугун ёшлар орасидан қаҳрамонларни топиш қийин эмас. Улар турли касб эгалари. Бунинг учун уларни кузатиш, ютуқларига ҳавас қилиш керак, холос. Минг афсуски танганинг иккинчи томони бўлгани каби ёшлар орасида ҳам яхши шароитларга, берилаётган эътиборларга бепарво бўлган, ҳали уйғонмаганлари ҳам бор. Айниқса, мактаб ўқувчилари орасида бундай ёшлар кўпайиб бориши хавотирга солади кишини. Бугун бу имкониятдан фойдалана билмаган ёшларнинг эртанги тақдири қандай бўлади?

Айни таълим оладиган, илм йўлида изланиш олиб борадиган даврини қандайдир интернет клубларда, кераксиз ўйинлар билан ўтказаётган ёшлар ўз йўлини топа олармикин? Биринчи навбатда, ота-она ўз масъулиятини ҳис эта билиши, фарзандининг кундалик машғулотларидан хабардор бўлиши лозим. Ота-она боланинг интернетда қанча вақт «ўтириш»и ва мана шу вақт мобайнида нималар билан шуғулланишини назорат қилиши яхши самара беради. Қолаверса, мактаб, маҳалла, синф раҳбари ва ўқитувчилар, ота-оналар ўсмир хулқи ва ундаги ўзгаришларни кузатиб бориши, болани қизиқарли ва фойдали ишларга жалб этиш йўлларини излаши даркор.

Бугун мана шундай ёшлар тақдирига бефарқ бўлмаган ҳолда, тунги рейд тадбирлари ўтказилмоқда. Ушбу жараёнларда қўлга тушаётган ёшларнинг кўп қисмини мактаб ўқувчилари ташкил этади. Кўп нарса интернет клуб маъмурларига ҳам боғлиқ. Чунки улар интернетдан фойдаланиш имконини яратиш билан бирга зарур пайтда тармоқ билан «муомала қилиш» маданияти, кўникмасини шакллантиради. Тақиқланган сайтларга кириш, ўйин вақтида сўкинишларни қўллаш маъмурият томонидан қатъий ман қилиниши, қоидаларни бузган фойдаланувчилар учун маълум миқдорда жарима белгиланиши зарур. Клублардаги бемаъни ва фойдасиз ўйинлар ўрнига ақлни чархлайдиган, билимни оширадиган, тафаккурга ундайдиган интеллектуал ўйинлар сонини кўпайтириш керак. Фақат шундагина ўйин орқали маънавий ҳордиқ чиқариш, фикрлаш қобилиятини ўстириш имконияти туғилади.

Бугуннинг ёшлари ҳақида гапирилганда кўз олдимизда улкан ютуқларга эришаётган, билим-салоҳияти етук ёш гавдаланиши зарур. Ҳали ҳам ухлаётган кўзларни очишимиз, ёшларни уйғотишимиз, уларни ўз йўлига тушишларида ёрдам беришимиз керак. Ана шунда президентимиз хоҳлаган давлатни ёшлар билан бирга қура оламиз.

Дилдора Ўсарова,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.
ЎзА