Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қувадан топилган хумдон ҳақиқатдан ноёбми?
18:32 / 2020-08-04

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи бўлим бошлиғи Элёрбек Раҳимов мазкур хонадонда бўлиб, бунга ойдинлик киритди.


Бугун сайтимизда Фарғона вилояти Қува туманининг Бўстон қишлоғидаги Аҳмадалиевлар хонадонидан топилган топилма ҳақида мақола эълон қилинди. Ижтимоий тармоқларда ҳам бу кулолчилик намунаси хусусида турли фикрлар билдирилмоқда. Хўш, ҳақиқатдан бу топилма ноёбми?

Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи бўлим бошлиғи Элёрбек Раҳимов мазкур хонадонда бўлиб, бунга ойдинлик киритди.

– Қува туманида кўплаб археологик тадқиқотлар олиб борилган бўлиб, улардан топилган манбалар бу ерни йирик ҳунармандчилик ва савдо маскани бўлганлигини кўрсатади, – дейди Э. Раҳимов. – Ҳудудда қадимий маданий қатламлар устида барпо этилган қишлоқлар жуда кўп. Бу каби қишлоқлар сирасига Қалинпўстин, Толмозор, Қўшкечик қишлоқларини киритиш мумкин. Мазкур қишлоқлар ҳудудида турли хил археологик топилмалар кўплаб топилган бўлиб, бугунги кунда ҳам бундай маданий қатламлар тез-тез учраб туради. Шунингдек, тумандаги «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди ҳам маданий қатламларга бой ҳисобланади.

Бу ерда маҳаллий аҳоли томонидан олиб борилган қурилиш ишларида тарихий аҳамиятга эга буюмлар учраган ҳолатлар жуда кўп. Жумладан, шу қишлоқда истиқомат қилувчи фуқаро Р.Аҳмадалиев ўз ҳовлисида томорқа суғориш учун қўшимча сув чиқариш мақсадида қазишма ишлари олиб бориш жараёнида тарихий маданий қатламга дуч келади. У топилма топилган заҳоти қазиш ишларини тўхтатади. Сабаби ушбу тарихий топилмага эҳтиётсизлик оқибатида зиён етказишни истамай ўз вақтида мутахассисларга мурожаат қилган.

Бевосита ушбу топилмага тўхталадиган бўлсак, топилма хумдон бўлиб, қадимда маҳаллий аҳоли томонидан кенг фойдаланилган. «Бўстон» маҳалла ҳудудида «Зиндонтепа» зиёратгоҳи жойлашган бўлиб бу зиёратгоҳ Қува туманидаги иккинчи энг катта маданий ёдгорлик ҳисобланади. «Зиндонтепа» зиёратгоҳи тарихий жиҳатдан милодий I-II асрларга тааллуқлидир. Шундан маълумки, хумдон топилган ҳудудда ўша даврлардан бошлаб одамлар доимий яшай бошлаган. Топилган хумдон каби буюмлардан маҳаллий аҳоли VI-XIX асрлар оралиғида фойдаланган.