Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устюртда қоплонлар яшайдими?
11:58 / 2021-05-26

Бир гуруҳ ОАВ вакиллари учун “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғига медиатур уюштирилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи, “Сайгачий” мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси ҳамкорлигида ташкил қилинган медиатурнинг асосий мақсади кенг оммага республикамизнинг ўзига хос табиатини таништириш, Устюрт кенгликларидаги жонли ҳайвонот дунёсини намойиш қилишдир.

Медиатур иштирокчилари “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ҳудудига кирувчи Қоплонқир ҳудудига ҳам саёҳат қилди.

Қоплонқир Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон давлатлари ўртасида шимол-ғарбдан жанубга қараб 190 кмга чўзилган. Абсолют баландлиги 305 м.  

Туркманистонда Қоплонқир қўриқхонаси фаолият кўрсатади. У Устюрт платосининг жанубий чеккасида, Туркманистоннинг шимолидаги Тошовуз вилоятида жойлашган.  

Қўриқхона 1979 йилда маҳаллий ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва тиклаш учун яратилган бўлиб, у биринчи навбатда, Устюрт тоғ қўйлари, жайрони ва Шимолий Туркманистон ҳайвонот дунёсининг бошқа вакилларини ҳимоя қилиш ва тиклаш учун ташкил этилган.  

Мазкур ҳудуд кўриниши жиҳатидан ажралиб туради, баланд-баланд чинклар, бепоён кенгликларни кўрган инсонларни ўзига маҳлиё этиб қўяди. Журналистларни ўзига жалб қилган нарса – бу ҳудуднинг номи бўлди. Маълум бўлишича, “Қоплонқир” дея номланишига сабаб бу ерларда қадимдан қоплонлар яшаган ва улар ҳозир ҳам мавжуд эканлиги ҳақида маълумотлар бор.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бош мутахассиси Алишер Якубовнинг таъкидлашича, қоплон Қозоғистоннинг Устюрт қўриқхонасида фотоқопқонга тушган. Ушбу қоплонлар Туркманистон ва Ўзбекистон ҳудудига ҳам ўтиб юрган бўлиши мумкин.  

Қоплонларни териси учун ов қилиш ҳолатлари яқин вақтларга қадар давом этганлиги ҳақида маълумотлар ҳам бор.

Қоплонқирга сафар давомида медиатур иштирокчилари кўп сонли жайронларни, Устюрт қўйлари ва қулонларни кўришга муваффақ бўлди. Мазкур жойларда дунёдаги энг довюрак ҳайвон ҳинд асалхўрининг ҳам яшаши маълум бўлди. Ҳинд асалхўри кўзга ташланмади, аммо, унинг озуқаси бўлган тошбақаларнинг кўплаб қобиқлари тасвирларга муҳрланди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА