English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устюрт ҳангомалари: яраланган сайғоқ
18:02 / 2022-06-05

Устюртнинг марказида жойлашган “Жаслиқ” посёлкаси аҳолиси табиат билан уйғун яшайди, деса муболаға бўлмайди.

Шунингдек, посёлка чеккаси бепоён Устюрт саҳросининг гўзал табиати билан туташиб кетади. Яна ёввойи табиат. Узоқ йўл саҳрони босиб ўтгандан кейин олдингизда фаровон ҳаёт акс этган шаҳарча пайдо бўлса ҳайратланмасликнинг иложи йўқ.
Ўтган асрнинг 90-йилларида Устюртда миграция пайтида миллионлаб сайғоқлар кезиб юрган. “Жаслиқ” посёлкаси ичига ҳам кириб кетган ҳолатлар бўлган. Ушбу посёлкада истиқомат қилувчи Қазий оға тарбиявий аҳамиятга эга битта қизиқ ҳикояни айтиб берди. 

“Сайғоқлар миграцияси пайтида Жаслиқдан Қўнғирот томон енгил автомобилда чиқдим, – деди Қазий оға. – Бир пайт сайғоқларнинг қалин тўдасига дуч келдим. Сон-саноғи йўқ сайғоқлар машинам билан қаватлашиб югуриб келяпти. Биронтасига шикаст етказиб олмай деб эҳтиёткорликни ошираман-у, аммо, бўлмади. Ўнг томонимдан келиб қолган биттасидан қочиб машинани чапга олганим шу заҳоти бошқа бири келиб капотга урилди. 4-5 метрга учиб кетди-ю, жойида типирчилаб қолди.

Танасига жиддий зарар етган бўлсада сайғоқ жониворнинг жони узилмаган экан. Энди нима қиламан? Олиб кетай десам, уйда отамдан қўрқаман. Чунки, отам олдингда минг бош қўйинг бор, ёввойи ҳайвонга нима қиласан тегиб, деб азобимни бериши аниқ. “Атайин қилмадим, ўзи келиб урилди”  деганни тушунар дейсизми?

Хуллас, жон талваса аҳволда қолган сайғоқни ташлаб йўлимни давом эттирдим. Уйга келиб бўлган воқеани онамга айтиб бердим. Аксига онам “Болам, нима қилганинг, агар жони узилмаган бўлса олиб келсанг бўларди, ветеринар шифокорларга кўрсатиб даволатардик” деб додлаб кетди. Нима қилишимни билмай, сайғоқни уриб юборган жойимга қайтиб бордим. Афсус орадан анча вақт ўтиб кетган эди. Кўп қон йўқотган сайғоқ қийналиб-қийналиб охир жон топширибти. Шундан буён яраланган ҳайвонларни кўрсам, ёрдам қилишга шошиламан”, деб оғир тортди Қазий оға.

Е.Қаноатов