Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устувор вазифалар ижроси таъминланмоқда
17:34 / 2024-08-28

«Ўзбекэнерготаъмир» акциядорлик жамияти мамлакатимиз энергетика сектори фаолиятида муҳим ўрин эгаллайди. Негаки, мазкур корхона иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик марказларини қишки мавсумга тайёрлаш, энергия объектларининг барқарор фаолиятини таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни маҳаллий шароитларда ишлаб чиқаришни жорий этишга оид йирик лойиҳаларни амалга оширади.

«Ўзбекэнерготаъмир» АЖ ишлаб чиқариш бўйича директори Жўрабек Соҳибов электр энергияси ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 2024/2025 куз-қиш мавсумига тайёргарлик борасида олиб борилаётган ишлар хусусида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди: 

– Юртимиз тараққиётининг дастлабки босқичида электр энергетика тармоғини модернизация қилиш, янги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари асосан хорижий компаниялар томонидан амалга оширилган. Соҳани либераллаштириш, эркин бозор механизмларини жорий этишга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугун тизимга маҳаллий, рақобатбардош инвестор компаниялар қаторида «Ўзбекэнерготаъмир» акциядорлик жамияти ҳам фаолият олиб боради. 

Жорий йилнинг 20 августда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти чоғида энергетика тармоғи корхоналарида юқори технологик ускуналарни эксплуатация қилиш ва таъмирлаш жараёнида маҳаллий корхоналарнинг иштирокини кенгайтириш борасида устувор вазифалар белгилаб берилди. Ушбу йўналишдаги вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекэнерготаъмир» АЖ ҳам энергетика тармоғининг асосий генерация қувватлари бўлган иссиқлик электр станцияларида модернизация, таъмирлаш ва эксплуатация ишларида фаол иштирок этмоқда. 

Таъкидлаш керакки, корхонада жаҳонга машҳур энергетика компанияларининг малакали муҳандисларини жалб қилган ҳолда, ўқув амалиётлари, тажриба алмашиш курслари ташкил этилиши натижасида салоҳиятли маҳаллий мутахассислар гуруҳи шакллантирилди. Бу ишлар самарасида бугунги кунда икки ярим мингга яқин техник мутахассислар электр станцияларнинг барқарор фаолият юритишига ҳисса қўшиб келмоқда. 

Жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида «Ўзбекэнерготаъмир» АЖ иссиқлик электр станцияларидаги 53 та энергия қурилмани мавсумга ҳозирлаш мақсадида мукаммал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишларини босқичма-босқич олиб бормоқда. 

Жумладан, мамлакатимиз энергетика тизимида йирик электр станциялар ҳисобланувчи Тошкент ва Навоий иссиқлик электр станцияларида ҳам бу борада йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ерда замонавий энергия қурилмалар қаторида анъанавий энергоблокларни модернизация қилиш, уларни рақамлаштириш ва ишлаб чиқаришда ёқилғи сарфини камайтириш бўйича ишлар якунига етказилди. 

Масалан, Тошкент иссиқлик электр станциясининг 9-сонли энергоблокида мукаммал таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Хусусан, таъмир ишлари давомида энергоблокнинг қозон қурилмаси, турбинанинг юқори ва паст босим роторлари ишчи кураклари, генератор ҳамда трансформаторларида ишлар олиб борилди. 

Ушбу ишларни сифатли ва ўз муддатида амалга ошириш мақсадида «Ўзбекэнерготаъмир» АЖнинг 200 нафарга яқин малакали мутахассислари жалб этилди. Станциянинг 9-сонли энергоблокида мукаммал таъмир якунлангач, унинг ишлаб чиқариш қуввати 140 МВтдан 155 МВтга етказилди. 

Шунингдек, тизимнинг рақамлаштирилиши орқали ёқилғи сарфи камайиши ва маҳсулот таннархи пасайишига эришилди. Бу эса йилига 458,6 минг метр куб табиий газ иқтисод қилиниши имконини беради. Атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддаларнинг ташламалар миқдори 108,4 тоннага камайтирилади. 

Навоий иссиқлик электр станциясида эса 3-сон энергоблокда мукаммал таъмирлаш ишлари, таъмирлаш даврида қозон ва турбина агрегатларида техник чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу ишларга «Ўзбекэнерготаъмир» АЖнинг 250 нафар, станциянинг 50 нафар ишчи-ходими жалб этилди. 

Станцияда таъмирлаш ишларининг бажарилиши туфайли қурилмаларнинг техник иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланиб, ишончли ишлаш даражаси оширилди. Хусусан, ўрнатилган қуввати 150 МВт бўлган 3-энергоблокда таъмирлаш ишлари натижасида йил якунига қадар 5 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилади. 

ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.