Нукусда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси ҳамда “Мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини янада мустаҳкамлашнинг устувор вазифалари” юзасидан ўтказилган йиғилишда белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан маърифий учрашувлар ўтказилди.
Тадбирларда шаҳар ва туман ҳокимларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат марказининг шаҳар ва туман бўлимлари раҳбарлари, ҳудудий “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзолари, нуронийлар, маҳалла еттилигининг фаол аъзолари, ҳарбий хизматчилар ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаб келган ёшлар иштирок этишди.
Тадбирларнинг иштирокчиларига Мурожаатнома ҳамда Хавфсизлик кенгаши йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтириб берилди.
Учрашувлар давомида давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси ва Хавфсизлик кенгаши йиғилишида белгилаб берилган вазифалар асосида барча маҳаллаларда еттилик томонидан бажариладиган ишлар, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда тарғибот ишларини ташкил этиш тўғрисидаги масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Тинчлик, барқарорлик ва шукроналик туйғусини кучайтиришга қаратилган тарғибот ва маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, ёшлар билан ишлаш, уларда Ватанга садоқат, жасорат ва масъулият туйғусини мустаҳкамлаш, ҳарбий-ватанпарварлик кўникмаларини ошириш тўғрисида тавсиялар берилди.
[gallery-27178]
Шу билан бирга, “Шижоат” лойиҳаси доирасида ёшларнинг ҳудудлардаги ҳарбий қисмларга ташрифи, зиёлилар ҳамда ижодкорларнинг ҳарбий хизматчилар билан учрашувларини ташкил этиш, ҳарбий техника ва қурол-яроғлар кўргазмаси, ҳарбий машғулотлар, ёшлар учун “Ҳарбий қисмда бир куним”, “Мушоира оқшомлари” тадбирларини юқори савияда ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ томонидан Нукус гарнизони маънавият ва маърифат марказида муддатли ҳарбий хизматчилар билан ижодий учрашув ўтказилди ва ёш ҳарбий хизматчилар томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари