Сирдарё вилоятида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан барқарор ривожлантиришга қаратилган драйвер лойиҳалар ижроси кенг кўламда таҳлил қилиниб, келгуси босқичлар учун аниқ устувор вазифалар белгилаб олинди. Бу масалалар вилоят ҳокимлигида ўтказилган ишчи йиғилишда муҳокама марказида бўлди.
Йиғилишда таъкидланганидек, драйвер лойиҳалар ҳудудларни комплекс ривожлантириш, муҳандислик ва ижтимоий инфратузилмани яхшилаш, хизмат кўрсатиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Мазкур лойиҳалар “Зарбдор” тажрибаси асосида амалга оширилиб, давлат маблағлари ҳисобидан яратилган инфратузилма орқали хусусий инвестицияларни фаол жалб этишни назарда тутади.

Маълум қилинишича, 2025 йилда I–II босқичлар доирасида вилоят ҳудудларида жами 33 та драйвер лойиҳа амалга оширилмоқда. Уларни молиялаштириш учун республика бюджетидан 76,9 млрд сўм маблағ ажратилган. Айни пайтга қадар қурилиш-монтаж ишлари 48,2 млрд сўмга етказилиб, режалаштирилган ишлар ҳажмининг 62,7 фоизи бажарилган. Шу билан бирга, 46,1 млрд сўм ёки 60 фоиз маблағ ўзлаштирилгани қайд этилди.
Муҳокамалар давомида лойиҳалар ижроси, умуман олганда, изчил давом этаётгани, бироқ айрим объектларда қурилиш суръатларини ошириш, белгиланган тартиб-таомилларни ўз вақтида якунлаш ҳамда объектларни фойдаланишга топшириш масалалари долзарб бўлиб қолаётгани таъкидланди. Шу муносабат билан буюртмачи ташкилотлар, пудратчилар ва маҳаллий ҳокимликлар ўртасидаги ўзаро мувофиқлашувни янада кучайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.

Хусусан, Сардоба, Сайхунобод, Боёвут ва Сирдарё туманларида ободонлаштириш, ички йўл инфратузилмаси, энергетика таъминоти, туризм, хизмат кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик соҳаларига оид лойиҳаларни тўлиқ якунлаб, уларни аҳоли ва бизнес эҳтиёжлари учун самарали ишга тушириш устувор йўналишлар сифатида кўрсатилди.
Йиғилишда алоҳида эътибор қаратилган муҳим масала — фойдаланишга қабул қилинган объектлар амалда ҳам тўлиқ ишлаши, янги иш ўринлари яратиши ва аҳолига хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириши шарт қилиб қўйилгани бўлди. Шу боис тадбиркорларни жалб этиш, объектлар фаолиятини барқарор йўлга қўйиш ҳамда уларнинг иқтисодий самарадорлигини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб қўйилди.

Шунингдек, йиғилишда 2026 йилга мўлжалланган истиқболли режалар ҳам муҳокама қилиниб, шаҳар ва туман ҳокимликлари таклифлари асосида жами 31 та янги драйвер лойиҳа шакллантирилгани маълум қилинди. Улардан 2 таси саноат соҳасига, 22 таси хизмат кўрсатиш йўналишига, 7 таси эса қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади.
Янги лойиҳалар доирасида ажратиладиган маблағлар ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига, суғориш тизимларини яхшилашга, ички автомобиль йўлларини таъмирлашга, электр таъминотини модернизация қилишга, шунингдек, ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув тизимлари объектларини қуриш ва реконструкция қилишга йўналтирилиши белгиланди.
Йиғилиш якунида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов драйвер лойиҳалар ижросини жадаллаштириш, мавжуд ташкилий масалаларни ўз вақтида бартараф этиш ҳамда барча объектларни белгиланган муддатларда ва сифатли тарзда ишга тушириш бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Барча лойиҳалар ижроси доимий ва қатъий назоратда бўлиши таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбир