Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устознинг ҳаёт йўли ибрат мактабидир
17:09 / 2022-09-28

Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўри, меҳрини бахшида этади. Касбига бўлган садоқати, фидойилиги туфайли эл-юрт орасида ҳурмат ва эътибор топади.

Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги 53-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Камолиддин Ғопиров ҳақида сўз кетганда шууримизга беихтиёр юқоридаги фикрлар келади. Ёшларнинг жонкуяр устози, уларнинг камоли учун самарали меҳнат қилиб келаётган устоз муаллимнинг олиб бораётган ибратли фаолияти ҳар қанча таҳсинга муносибдир.

Камолиддин Ғопиров педагогик фаолиятини 1971 йилда Шаҳрихон туманидаги 8-умумтаълим мактабида оддий ўқитувчиликдан бошлаган. Ўша йиллари шижоатли, ёш мутахассис тажрибали устозлардан касб сирларини пухта ўрганишга ҳаракат қилди. Ўқиди, изланди, ўз билим ва тажрибасини йиллар давомида бойитиб борди.

Кейинчалик у Шаҳрихон шаҳридаги 2-лицей ўқитувчиси, илмий бўлим мудири, тумандаги 61-умумтаълим мактаби ўқитувчиси, директори бўлиб ишлади. 2002 йилдан бугунги кунга қадар эса 53-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби директори вазифасида самарали фаолият юритиб келмоқда. Айни кунда бир минг нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган мазкур мактаб 2004 йилдан ҳозирга қадар ҳар йили туманда рейтинг кўрсаткичлари бўйича биринчи ўринни эгаллаб келаётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Устоз қарийб 50 йилдирки ўқувчиларга кимё фанидан сабоқ бериб келади. Ўтган ана шу давр мобайнида минглаб ўқувчиларнинг пухта билим олиши ва камол топишида унинг хизматлари ниҳоятда катта.

2002 йилда Шаҳрихон Агросаноат коллежининг 420 ўринли ётоқхонаси ўрнида 53-ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. Камолиддин Ғопиров ушбу мактабга директор этиб тайинлангандан сўнг унинг ташкилотчилик, раҳбарлик салоҳияти намоён бўлди. Унинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан бино қайта реконструкция қилиниб, таъмирланди. Ихтисослаштирилган мактабда ўқув-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш мақсадида замонавий педагогик технологиядан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди. Жумладан, ўша давр мактаблари учун янгилик бўлган "Фан кафедралари", "Ўқувчилар илмий жамиятлари" ташкил этилди.

Камолиддин Ғопиров раҳбарлик қилаётган 53-ихтисослаштирилган мактаб бир неча марта "Йил мактаби" кўрик-танловининг вилоят, республика босқичларида фахрли ўринларни эгаллади. Ана шу давр мобайнида мазкур мактабнинг юзлаб ўқувчилари туман, вилоят, республика фан олимпиадаларида ғолиблар қаторидан ўрин олди. Турли йилларда домланинг шогирдларидан 24 нафари “Ёш кимёгарлар” республика фан олимпиадасида иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритди. 11-синф ўқувчиси Алимардон Мирзаев 2006 йилда Арманистон пойтахти Ереван шаҳрида ўтказилган халқаро фан олимпиадасида иштирок этиб, 4-ўринга сазовор бўлган.

[gallery-8950]

Мактабнинг 8 нафар ўқувчиси турли йилларда Д.И.Менделеев номидаги Ёш кимёгарлар жаҳон олимпиадасида иштирок этган. 2013 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Д.И.Менделеев номидаги 47-халқаро “Ёш кимёгарлар” олимпиадасида Билолиддин Шарофиддинов фахрли 1-ўринни эгаллаб, олтин медаль, ана шу йили Москва шаҳрида ўтказилган кимё фанидан 45-Бутунжаҳон фан олимпиадасида 3-ўринни эгаллаб, бронза медаль соҳибига айланган. Эришган ютуқлари учун Б.Шарофиддинов “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

Устознинг ташаббуси билан мактабда илмий-ижодий ишларга алоҳида эътибор қаратилади. Мактабнинг иқтидорли ўқитувчилари томонидан К. Ғопировнинг таҳрири остида 50 дан ортиқ услубий қўлланмалар яратилди ва амалиётга татбиқ этилиб, айни кунда туман ва вилоят мактабларида кенг фойдаланилмоқда.

Камолиддин Ғопиров ҳаммуаллифликда 2002 йилда 9-синф ўқувчилари учун “Кимё” фани дарслиги, ўқитувчилар учун методик қўлланма чоп этилди. Мазкур дарслик 2006 ва 2010 йилларда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриётида қайта нашр қилинди.

Домла раҳбарлигида 2003 йилда 7-синфлар учун "Кимё 7", 2006, 2010 йилларда 8-синфлар учун "Кимё 8" дарсликлари нашр этилган. Умуман, шу кунга қадар К.Ғопировнинг илмий-ижодий ишлари маҳсули сифатида 25 номдаги дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилиб, ҳозирги кунда республикамиз ўқувчи ҳамда ўқитувчилар томонидан фойдаланилмоқда.

Домла ҳаммуаллифлигида тайёрланган 7- ва 8-синф кимё дарсликлари, кимёни ўқитиш методик қўлланмаси турли йилларда “Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи” Республика танловида ғолиб бўлиб, К. Ғопиров 1- ва 3-даражали дипломлар билан тақдирланган.

Устоз Камолиддин Ғопиров нафақат ўз касбининг етук мутахассиси, фидойи ва тажрибали муаллими, балки камтар, ҳалол ва меҳнатсевар инсон, шунингдек, жамоат ишларида фаоллиги, ташаббускор ва ташкилотчилиги, кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлиши билан ҳам кенг жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат-эътибор қозонган. Масалан, у ўзи истиқомат қиладиган Чўжа маҳалласида “Бир зиёли ўн оилага маънавий ҳомий” шиори остида ўндан ортиқ оилага ҳомийлик қилиб келади. Бундан ташқари, бир қатор кам таъминланган, шароити оғир оилаларга моддий ва маънавий кўмак беради.

Оталаридан чиройли тарбия олиб улғайган домланинг фарзандлари, набиралари ҳам эл-юрт ишига камарбаста инсонлар бўлиб камол топган. Бугунги кунда улар жамиятимизнинг турли жабҳаларида самарали фаолият юритиб, юрт равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Умуман, устознинг меҳнат, илмий-ижодий ҳамда ёш авлод тарбияси борасидаги фаолияти, олиб бораётган ибратли ва хайрли ишлари ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Домланинг кўп йиллик самарали фаолияти мамлакатимиз ҳукумати томонидан муносиб баҳоланган. У вилоят ҳокимлиги, халқ таълими вазирлиги, Россия Фанлар Академияси ҳамда бошқа кўплаб бошқарма ва вазирликлар, муассаса ва ташкилотларнинг фахрий ёрлиқлари, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими”, бир неча марта “Мустақиллик нишонлари”, 2007 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени, 2010 йилда эса “Ўзбекистон Қахрамони” фахрий унвони ҳамда “Олтин юлдуз” нишони билан тақдирланган.

Мухтасар айтганда, камтар, фидойи ўқитувчи, бағрикенг устоз Камолиддин Ғопировнинг ҳаёт йўли ёш авлод учун ибрат мактабидир.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА