Юртимизда ҳар йили 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана муносабати билан барча ҳудудда, ташкилот ва муассасалар томонидан байрам тадбирлари ташкил этилмоқда.
Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши томонидан ташкил этилган тадбир ҳам Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланди. Адабий-бадиий тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари ҳамда ўқитувчи-педагоглар иштирок этди.

Партия Марказий кенгаши раиси, фракция раҳбари Улуғбек Иноятов шарафли касб эгаларини байрам билан табриклаб, мамлакатимиз таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, бугунги кунда таълим-тарбия соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Янгиланган Конституциямизда педагогларнинг мақомини юксалтириш, уларнинг касбий фаолиятига аралашмаслик каби нормалар белгилангани фидойи касб эгаларини қўллашга хизмат қилади.

Тадбирда сўз олганлар устоз-мураббийларнинг келажагимиз эгаларини билимли, ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялашдаги фидокорона меҳнатини алоҳида эътироф этдилар. Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам ёш авлодга таълим бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ва бу борада аниқ мақсад-вазифалар белгилаб олингани алоҳида қайд этилди. Бу борадаги дастуриламал вазифалар таълим соҳаси ривожига, фарзандларимизнинг камолотига замин бўлиши таъкидланди.
Байрам тадбирида бир гуруҳ фаол ўқитувчи ва педагогларга партиянинг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Театр ижодий жамоаси репертуаридан “Ёшлик соғинчи” ретро концерт дастури намойиш этилди.
М.Комилова, ЎзА