1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Ўқитувчи, устоз ҳақида сўз кетганида беихтиёр илк бора қўлимизга қалам тутган биринчи муаллимимиз гавдаланади. Қайси соҳада фаолият юритмайлик, яхши-ёмонни, оқ ва қорани танитган, устоз ва мураббийларимизни қанча ҳурмат қилсак, шунча кам.
Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан Жиззах шаҳар ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах шаҳар бўлинмаси, шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ва кўплаб ҳомий ташкилот вакиллари таълим тизимида узоқ йиллар меҳнат қилиб, ёш авлод таълим-тарбиясига ҳисса қўшган устозлар хонадонида бўлишди.
– 1962 йил Самарқанд давлат университетини тамомлаб, йўлланма билан 2 йил Жомбой туманида ишладим. 1964 йилдан Жиззах шаҳридаги 23-сонли ўрта мактабга ишга келдим ва қарийб 40 йилга яқин шу таълим даргоҳида ёшларга сабоқ бердим, – дейди халқ таълими аълочиси Холбой Холиқулов. – Бугунги кунда фахрий ўқитувчиларга бўлган эътибор ҳеч қайси юртда йўқ. Узоқ йиллик меҳнатим давомида кўплаб шогирдлар тайёрладим. Ватанимизда нишонланадиган ҳар бир байрам борки, шогирдларим, ҳокимият вакиллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, халқ таълимидаги масъуллар совға-саломлар билан келиб, ҳолимиздан хабар олади. Ўзим бошқарган, мактаб ўқитувчилари келиб, мен билан суҳбатлашиб, таълим тизимида амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида гапириб маслаҳат олиб туришади. Ҳозирги ёшларга ҳавасим келади. Илм олиш учун барча шароит мавжуд. Биз анча қийинчиликларни бошдан ўтказдик. Бундай кунларнинг қадрига етишга ундайман.
[gallery-13802]
– Биз жуда қийин даврларда ўқитувчилик қилдик. Елкамизга билим бериш билан бирга қўшимча вазифалар ҳам юклатилар эди, – дейди 6-умумтаълим мактабида узоқ йиллар дарс берган, “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” фахрий унвони соҳиби, бир неча шеърий тўпламлар муаллифи, 82 ёшли Саид Мамарасулов. –Яратганга шукр, бугун дориломон кунлар келиб, ўқувчилар бутунлай янгиланган, энг илғор, инновацион дастурлар асосида ўқитиляпти. Ўз устида ишлайдиган, меҳр билан сабоқ бераётган ўқитувчи бугун 10 миллион сўмдан ошириб маош олмоқда. Ўқувчи ҳам, ўқитувчи ҳам ҳеч қанақа мажбурий меҳнатга жалб этилмай, фақат ўқиши, билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, устозлари эса уларга сабоқ бериши талаб этилаётгани, эртанги кунимизнинг порлоқ эканидан ёрқин далолатдир.
– 35 йилдан зиёд Жиззах шаҳридаги 10-сонли мактабда бошланғич синфларга сабоқ бердим. Авваллари ўзим ишлаган қадрдон мактабда қанақа тадбир бўлса, албатта, чақиришарди, борардим. Кексалик сабаб уйдан чиқа олмай қолдим. Худога шукр, ўзим сабоқ берган шогирдларим бугун шу мактабда ёшларга устоз. Вақт ўткинчи экан. Кечагина мактаб остонасига минг ҳадик билан келган ёшлар бугун устоз. Шогирдларим бугунги кунда устоз мақомига етишди. Улар иқтидорли шогирдлари билан мендан тез-тез хабар олиб туришади. Суҳбатлар қурамиз, шеърлар ўқиб кўнглимни кўтаришади. Биз кексаларга нима керак, озгина эътибор. Раҳбарларимиз ҳар байрам ҳолимиздан хабар олиб, совға- саломлар беришади. Бу эзгу ишларнинг бошида Президентимиз турибди. Укишига беҳисоб раҳматлар айтаман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, – дейди фахрий ўқитувчи, халқ таълими аълочиси Шоира Жабборова.
– Жиззах шаҳри бўйича таълим тизимида узоқ йиллар ишлаган, ўғил -қизларимизга таълим-тарбия берган 15 минг нафардан ортиқ фахрий педагог бугунги кунда нафақада, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах шаҳар бўлинмаси раиси Тўлқин Тўрақулов. – Шулардан уч ярим минг нафарининг ёши анча улуғ. 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ҳамда 5 октябрдан бошланадиган “Нуронийлар ҳафталиги” доирасида улар ҳолидан хабар олдик. Бу ишлар мунтазам давом этади.
Устозлар хонадонига ташриф чоғида самимий суҳбатлар бўлди, уларнинг кайфиятига кўтаринкилик улашилди. Шу билан бирга фонд жамоаси томонидан эсдалик совғалари ҳамда 14 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари