Депутат фикри
Кейинги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Ўқитувчи ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Педагогларга муносабат тубдан ўзгариб, уларнинг иш ҳақи бир неча марта оширилди, иш юкламалари мақбуллаштирилди.
Шундай бўлса-да, педагог ходимларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлишини қонун билан кафолатлаш зарурати мавжуд эди. Шу мақсадда 2 йил олдин тайёрланган “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳаси куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинди. Жараённи онлайн кузатиб, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш зарурлигини англадим. Буни кўпгина муҳокамалар ҳам кўрсатиб турибди.
Қонун ташаббускорлари дастлаб тақдим этилган лойиҳада педагогларга умумий белгиланган ёшдан 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи, уй-жой, машина сотиб олишда имтиёзлар бериш, йилда бир марта соғлигини тиклаш учун моддий ёрдам ажратиш, педагог ходимнинг базавий лавозим маошининг энг кам миқдорини белгилаш ва кўп йиллик хизмати учун устама тўлаш режа қилинганини айтишган эди. Аммо муҳокама қилинган лойиҳада бу нормалар мавжуд эмас.
Устозларга қатор енгилликлар берилиши лозим. Масалан, ўқитувчилар ҳар йили мажбурий тартибда санаторийларда бепул дам олсин, заруратга қараб бепул даволансин. Бошланғич бадали бюджетдан қопланиб, уй-жой билан таъминлансин. Фоизсиз кредит олсин, коммунал тўловда имтиёз берайлик, жамоат транспортида бепул юрсин. Навбатсиз машина олсин. Фарзандлари олий ўқув юртида имтиёзли шартларда ўқисин.
Ҳозирча бу имтиёзларни жуда бўлмаганда олий тоифали ўқитувчиларга берсак, бошқа устозларга мотивация бўлар эди. Яъни, қолганлар ўзининг устида ишлайди, ўқийди, изланади, ўрганади ва олий тоифа олишга интилади.
Бундай имтиёзлар бериш биз учун янгилик эмас. Ҳарбийлар, қайсидир соҳа вакиллари, ҳатто ёшлар етакчилари учун шундай имтиёзлар жорий қилинган. Лекин устозларнинг меҳнати уларникидан кўп бўлса кўпки, асло кам эмас.
Шундай экан, иккинчи ўқишда қонун лойиҳасига юқоридаги каби имтиёзлар киритилса, устозларга катта мотивация бўлади. Зеро, устозларга имтиёз беришнинг, уларни қўллаб-қувватлашнинг айни вақти. Давлат келажаги таълим-тарбияга боғлиқ экан, аввало, ўқитувчиларни рози қилайлик, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлайлик.
Жаҳонгир Зиёев,
Халқ депутатлари Мирзо Улуғбек туман Кенгаши депутати
ЎзА