Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устозларимдан миннатдорман
13:16 / 2025-10-01

Менинг меҳнат йўлим 1991 йили Тошкент давлат техника университетининг геология-қидирув факультетини тамомлаганимдан сўнг бошланган.

Илк қадамларимни геология-қидирув партиясида бурғилаш қурилмаси машинисти ёрдамчиси сифатида ташладим. Ўтган 34 йил давомида бу соҳадан узоқлашмадим. Ҳар бир босқичда устозларимнинг қўллаб-қувватлаши ва кўрсатмалари менга қанот бағишлади. Айниқса, Муродилла Эргашевдан олган сабоқларим меҳнатимда мустаҳкам пойдевор бўлди. Кейинчалик “Кетмончи” конида машинист, технолог, уста, участка бошлиғи каби масъулиятли лавозимларда фаолият юритар эканман, Борис Чегров, Анатолий Лим ва Баҳодир Турсунов каби устозларим доимо менга ишонч билдириб, йўл-йўриқ кўрсатишди.

Бугунги кунда “Собирсой” геотехнологик конида меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича 2-тоифали муҳандис сифатида ишлаб келмоқдаман. Бу вазифа мендан доимий масъулият, диққат ва жавобгарлик талаб қилади. Чунки ишчиларнинг соғлиғи ва хавфсизлиги – барча ютуқ ва муваффақиятларнинг асосидир.

Менинг ҳаётий тамойилим шундай: “Ишга виждон билан ёндашсанг, устозлардан олган сабоқларни шогирдларга ўргатсанг ва меҳнатга садоқат билан хизмат қилсанг ҳаётда кам бўлмайсан”.

Бугунги кунда фарзандларим ҳам касбимни давом эттирмоқда. Тўрт фарзандимдан уч нафари бугун мен билан биргаликда шу конда ҳамкасб сифатида фаолият кўрсатмоқда. Улардан икки нафари Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетини тамомлаб, аппаратчи ва геотехнологик қудуқлар оператори бўлиб ишлаяпти. Яна бири эса техникумни битириб, бурғилаш қурилмалари учун гил-лой қоришмаси тайёрлаш участкасида меҳнат қилмоқда. Бу устозлик ва меҳнат меросининг авлоддан-авлодга ўтиб боришига ёрқин мисолдир.

Шу билан бирга Ҳасан Бозоров, Нурилло Отаёров, Жўрабек Файзиев, Фаррух Болиев каби шогирдларим бугун корхонамизда турли лавозимларда ишлаб, ўз меҳнатлари билан обрў қозонмоқда. Уларнинг юксалиши мен учун фахр ва ғурурдир.

Бугун юртимизда жаҳон стандартларига мос замонавий бурғилаш қурилмалари ишлаб чиқарилаётгани, шунингдек, Хитой ва Туркияда йиғилган илғор техникаларнинг корхоналаримизга жорий этилаётгани – соҳамизнинг янги босқичга кўтарилаётганидан далолатдир.

Шу фурсатдан фойдаланиб, барча устозларимни, ҳамкасбларимни ва меҳнатдош дўстларимни байрам билан чин қалбимдан табриклайман. Соғ-саломат бўлиб, Ватанимиз равнақи ва корхоналаримиз тараққиёти учун қутлуғ меҳнат қилишдан чарчамасин.

Ҳуснутдин Тошбоев,

“Собирсой” геотехнологик кони

Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича

2-тоифали муҳандиси.

ЎзА