Онажоним ўқитувчи эдилар. Пойтахтимиздаги 46-умумтаълим мактабида адабиёт, кейинчалик бошланғич таълимдан дарс берардилар.
Мукофот ва имтиёзларга, давраларга сира интилмаган, ҳатто уни кутмаган, салкам эллик йиллик педагогик стажга эга бўлган оддий устоз эдилар. Негаки, авваллари ўқитувчиларга имконият ва ғамхўрлик яратилишига оид амалий ишларнинг ўзи йўқ эди ҳисоб. Ўқувчилар мавзуни яхши ўзлаштириб олса, биз – фарзандлар аъло баҳоларга ўқисак, шу мукофот эди. Бозору дўконлардан бизга неларнидир илиниб олиб келсалару, биз қувонсак, шунинг ўзи мукофот эди. Кўпинча уйга овозлари бўғилиб, қаттиқ ҳориб-чарчаб қайтардилар. Сабаби, ўзлаштириши қийин бўлган айрим ўқувчиларга қайта-қайта мавзуни тушунтиришга ҳаракат қилардилар.
Тўғриси, “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”ни мен ҳам жуда яхши кўраман. Сабаби, бу онажонимнинг касб байрамлари эди. Чиндан ҳам бу айём бутун халқимизнинг байрами. Ҳар йили ойнаижаҳон орқали Президентимизнинг Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табригини катта қизиқиш билан қувониб тинглардилар. Устозларга кейинги йилларда яратилаётган шароитлардан кўнгиллари осмон қадар юксалиб, хурсанд бўлардилар. “Ойи, ахир бу имкониятлар, имтиёзларнинг энди сизга сира дахли йўқ-ку”, десам, “ўқитувчининг елкасига офтоб теккани рост бўлсин, болам”, қабилидаги жавобни эшитардим. Ҳа, касбдошларининг қувончидан, ютуғидан қувона оладиган, бахтиёр бўла оладиган даражадаги меҳридарё, бағрикенг, хокисор, камтарин, инсон эдилар. Атоқли болалар шоири Пўлат Мўмин шеъри асосида Ўзбекистон халқ артисти Санобар Раҳмонова ижросидаги “Меҳр нури ёғар доим кўзингиздан устозлар!” деб бошланадиган қўшиқни жуда яхши кўрардилар. Бу чинакам миллий, самимий қўшиқ, устозларга чин мадҳия! Шу боис юртимизнинг аксарият педагоглари, умуман, катта авлод вакиллари бу қўшиқни севиб тинглайдилар.
Миллий адабиётимиз дарғаларининг асарларида халқимиз фарзандини “Эти сизники, суяги бизники”, деб муаллим қўлига топшириб келгани ҳақида кўп ўқиганмиз. Негаки, муаллимлик халқимизда азалдан улуғ касб саналган. Афсуски, ўқитувчиларнинг қадри шу даражага етган пайтлар бўлдики, уларнинг танг аҳволи ҳатто қизиқчиларнинг репертуар мавзусига айланган эди.
Янги Ўзбекистонда ўқитувчининг қадри тиклангани, мавқеи ўнглангани, юксалгани рост бўлсин. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларида устозларга алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда. Ғамхўрликки, қаддини, қадрини букадиган, вақтини исроф этадиган турли кераксиз юмушлардан эндиликда педагоглар озод этилди. Устозларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса уларни ўз устларида кўпроқ изланишга, билимларини бойитишга, бор куч-ғайратларини ёш авлод таълим-тарбияси йўлида сарфлашга ундамоқда. Устозлар Ватанимизнинг фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан йўллаган табриги ижтимоий тармоқларда ҳам эълон қилинди. Табрик остида устозларнинг миннатдорлик сўзлари, самимий дил изҳорларидан ҳатто педагог бўлмаган ҳамюртимиз ҳам қувонмоқда, қалби чексиз фахр ва ғурурга тўлмоқда. Негаки, ўқитувчи эл-юртнинг фарзандига таълим-тарбия беради.
Янгиланишлар, эътибор ва эҳтиромдан илҳомланган устозлар бугун халқаро фан олимпиадаларида зафар қозонаётган ўқувчилар сафини орттиришга интилмоқда.
Дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олган ёш ўқитувчилар юртимизнинг олис ва чекка қишлоқларида ўқувчиларга таълим беришни ўзлари учун шараф ва бурч, деб билмоқдалар. Ўқув жараёнини тобора инклюзивлаштириш, имконияти турлича бўлган болаларга тенг ва баробар дарс беришга катта эътибор қаратилмоқда. Ўқитувчи ва мураббийларга бўлган юртимиздаги эҳтиромни турли халқаро форум ва конференцияда қатнашаётган хорижлик эксперт ва олимлар, етакчи мутахассислар ҳам ҳавас ва ҳайрат билан юксак эътироф этмоқдалар.
Ҳа, бугун устозларнинг елкасига офтоб теккани рост. Бундай эҳтиром ва эъзоз устозларни янада ғайрат билан меҳнат қилишга чорламоқда.
Назокат Усмонова, ЎзА