Навоий давлат университети профессор-ўқитувчилари, ишчи ходимлари томонидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни кўтаринкилик билан нишонланди.
Тантали тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда таълим ва илм-фан тараққиёти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида барча соҳаларда ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Давлатимиз ўз олдига Янги Ўзбекистонни барпо этиш, учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш каби улуғ мақсадларни қўйган ва бу йўлда дадил қадам ташламоқда.

Сўнгги йилларда Навоий давлат университетида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, университетнинг янги кампуси барпо этилмоқда. Олийгоҳ жаҳон рейтингларида ўз ўрнини мустаҳкамлаб, халқаро аккредитация жараёнларидан муваффақиятли ўтди. Шунингдек, Туркия Республикасининг етакчи олий таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш орқали илм-фан ва таълим соҳасида янги имкониятлар яратилди. Бу эса талаба-ёшлар ҳамда профессор-ўқитувчилар учун замонавий билимларни эгаллаш ва илғор тажрибаларни ўзлаштиришда кенг йўл очмоқда.

Байрам арафасида университет ректори М.Калонов “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

– Бугун замонавий билимларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган ёшлар камолида устозларнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши биламиз ва бу улуғ хизмати учун уларни қадрлаймиз, – дейди М.Калонов. – Юртимизнинг кейинги тараққиёти айнан таълим тизимига, хусусан, олий таълим муассасалари етиштираётган кадрлар сифатига боғлиқ. Сўнгги йилларда бу борада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди ва давом этмоқда. Янгидан-янги олий таълим муассасалари фаолият бошлади, таълим сифати ўзгарди. Бир вақтлар ўқитувчининг йўқотилган қадр-қиммати ва ҳурмати тикланди. Ҳар жабҳада таълимга ва таълимнинг юраги бўлган устоз ва мураббийларга янги имкониятлар ва имтиёзлар эшиги очилмоқда. Улардан талаб қилинадигани фақат зиммасидаги бурчни шараф билан ўташ ва “Устоз” аталмиш табаррук номга муносиб бўлишдир.

Тадбирда таълим ва илм-фан тараққиётига ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ устозларга фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири