ФОТОРЕПОРТАЖ
Юртимизда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми бошланиши билан барча ҳудудларда мевали ва манзарали кўчатлар экиш ишлари жадал давом этмоқда.
Фарғона вилояти Ёзёвон тумани ҳокимлиги ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлими ташаббуси билан устозлар иштирокида боғида кўчат экиш тадбири ўтказилиб, «Яшил йўлак» ташкил этилди.
Тадбирда иштирок этган туман ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалиги, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Дилмурод Бекмирзаев ҳамда вилоят ММТБ раҳбари Шерзод Долимов ўз нутқида «Яшил макон» умуммиллий ҳаракат эканини таъкидлаб, барчани табиатни асраш ва кўкаламзорлаштириш ишларида фаол қатнашишга чақирди.
Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, кузги мавсумда ҳудудда 555 минг туп мевали ва манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари экиш режалаштирилган. Экилган ҳар бир кўчатнинг кўкариши тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олинади.
[gallery-26396]
Тадбир доирасида устозлар томонидан 1 200 туп манзарали кўчат экилиб, жўяк олиниб суғорилди. Устозлар экилган бу кўчатлар келгусида ҳудудда соя-салқин ва хушманзара «Яшил йўлак»ка айланишига ишонч билдирди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА