Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Устозлар миллий форуми" — янги ўқув йилига ўзгача руҳ ва янги форматдаги тайёргарлик
12:11 / 2022-08-10

Пойтахтимизда Халқ таълими вазирлиги ва ЮНЕСКО халқаро ташкилоти ҳамкорлигида "Устозлар миллий форуми” ўқитувчилар учун ўқув-семинари ташкил этилди.

Мамлакатимиз таълим тарихида илк маротаба ўтказилаётган мазкур форум таълимда етакчи бўлган халқаро ва миллий экспертлар қамрови, мавзуларнинг хилма-хиллиги, иштирокчиларнинг таркиби билан анъанавий тадбирлардан фарқ қилади.

"Устозлар миллий форуми"нинг бош иштирокчиси сифатида ҳудудлардан 300 нафарга яқин фан методистлари танлаб олинди. 2 кунлик 9 та шўбада ташкил етилган тадбир мобайнида соҳанинг етакчи вакиллари янги таълим мазмуни ва методикаси, мактаб бошқарувининг замонавий усуллари, илғор таълим тизимларидан Буюк Британия, Сингапур, AҚШ каби давлатларнинг тажрибаларини яқиндан ўрганадилар.

“Устозлар миллий форуми” 16-18-август кунлари вилоятларда, 23-25-август кунлари шаҳар ва туманларда, 27-29-август кунлари умумий ўрта таълим муассасаларида педагогик кенгашлар тарзида ўтказилади.

Таълим сифатини ошириш учун ўқувчиларга нафақат бугун, балки эртага зарур бўладиган билим ва кўникмаларни бериш талаб этилмоқда. Шу нуқтаи назардан Халқ таълими тизимида босқичма-босқич татбиқ этилаётган Миллий ўқув дастурини жорий этиш, шу асосида янги замон дарсликларини яратиш устида 441 нафар маҳаллий ва 20 нафардан ортиқ халқаро фан экспертлари, 200 нафарга яқин муҳаррир, мусаҳҳиҳ, рассом ва дизайнерлар иш олиб борди.

Муаллифлар жамоасининг 60 фоизга яқини айнан амалиётчи ўқитувчилардир. Фанлар кесимида фаолият олиб бораётган халқаро экспертлар сони 50 нафарга етмоқда.

[gallery-8243]

“Олим – ўқитувчи – методист – халқаро эксперт” тамойили асосида Халқ таълими тизимида дарслик яратишнинг миллий модели юзага келди.

Халқ таълими тизимида босқичма-босқич татбиқ этилаётган Миллий ўқув дастурига 500 дан зиёд янги мавзулар киритилди. “50 га 50” тамойили асосида амалий мавзулар улуши 10 фоиздан 50 фоизга етказилди.

Миллий ўқув дастури асосида 296 номдаги янги авлод дарсликлари, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари яратилди. Шу жумладан, 189 та дарслик, 50 та машқ дафтари, 57 та методик қўлланмалар ва дарсликларнинг мобил иловалари яратилди.

21 асрда ўқувчиларни уларнинг қизиқишлари асосида ўқитиш методикаси оммалашаётганини ҳисобга олиб, Халқ таълими тизимида вариатив ўқув режалар асосида ўқитиш синовдан ўтказилмоқда.

Форумда Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов бугунги кунда таълимда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мақсади ҳақида тўхталар экан, “ЮНЕСКО томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, таълимга сарфланган 1 доллар иқтисодиётга 10 дан 15 долларгача фойда келтиради. Яъни боланинг билими ва малакасини оширишга тикилган сармоя, барқарор ривожланишнинг энг ишончли гаровидир”, деб қайд этди.

–  Таълимни ўзгартириш комплекс ва тизимли ёндашувни талаб қилиб, ўқитувчилар бу муҳим жараёнда асосий роль ўйнайди, – деб таъкидлади ЮНЕСКОнинг Ўқитувчилар малакасини ошириш бўлими бошлиғи, бўйича эксперт жаноб Карлос Варгас Тамез.

– Янгиланишларнинг бош ғояси – ўрганиш натижаларига асосланган, – деди Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов. – Шу билан бирга,  ижтимоий-иқтисодий ўсиш динамикасига боғланган, меҳнат бозори эҳтиёжларига қурилган, ўқитувчилар академик жиҳатдан мустақил ва ўқувчи қизиқишлари асосида дарсни ташкил этадиган таълим тизимини барпо қилиш бугун ғоят муҳимдир.

"Устозлар миллий форуми"нинг биринчи иш кунида қатнашчилар турли ўқув предметлари, махсус таълим, директорлар шўъбаси асосида мавзуга оид маърузаларни муҳокама этдилар.


Н.Усмонова, ЎзА