Навоий давлат университетида “Устозлар форуми – 2026” бўлиб ўтди.
Унда таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, жамоанинг фидокорона меҳнати эътироф этилиб, ўтган йилда олиб борилган ишлар сарҳисоб этилди ва келгуси вазифалар белгилаб олинди. Тадбир давомида устозларга юксак эҳтиром кўрсатилди.

Форумда университет ректори Муҳиддин Калонов сўзга чиқиб, олий таълим муассасасида фаолият юритаётган барча профессор-ўқитувчилар ҳамда ишчи-ходимларнинг самарали ва фидокорона меҳнатига алоҳида тўхталди. Таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ва туб ислоҳотларни муваффақиятли рўёбга чиқаришда жамоанинг барча аъзолари бирдек масъулият ва ташаббус билан иштирок этиши лозимлигини қайд этиб ўтди.

Таъкидланганидек, университетда маънавий-маърифий, ўқув-илмий, халқаро ҳамда инновацион йўналишларда эришилаётган ютуқлар замирида мақсадлари муштарак, аҳил ва жипс жамоанинг меҳнати ётибди. Шу маънода ҳар йили ўтказиб келинаётган форум таълим сифатини янада ошириш ва тизимдаги ислоҳотларни тўлақонли амалга оширишга қаратилган муҳим мурожаат вазифасини ҳам бажармоқда.

Тадбир доирасида 2025 йил давомида ўз фаолиятида юқори натижаларга эришган профессор-ўқитувчилар, деканлар, декан ўринбосарлари, тьюторлар ҳамда ишчи-ходимлар муносиб тақдирланди. Хусусан, форум низомига мувофиқ таъсис этилган “Энг фидойи устоз”, “Йилнинг энг яхши тьютори”, “Энг ташаббускор ўқитувчи”, “Энг ижодкор кафедра мудири” каби ўндан ортиқ номинациялар бўйича 70 нафарга яқин муносиб номзодлар саралаб олинди. Шунингдек, спорт мусобақалари ва интеллектуал беллашувларда фаол иштирок этган жамоалар ҳам эътирофдан четда қолмади.


Ғолиб ва фаол иштирокчиларга эсдалик статуэткалари, дипломлар ҳамда пул мукофотлари топширилиб, уларнинг меҳнатига юқори баҳо берилди. Бу эса университетда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, ташаббускорлик ва ижодкорликни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири