Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устозига уй совға қилган чемпион билан суҳбат
17:45 / 2024-02-16

Жаҳон спорт майдонларида Ватанимиз спорт шаънини улуғлаб, халқимизнинг ғурурини юксалтириб келаётган истеъдодли спортчилар орасида дзюдо бўйича жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари совриндори, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби Давлат Бобоновнинг ўз ўрни бор.

Самарқанд спорт мактабида камолга етиб, бугунги кунда жаҳон дзюдосининг энг номдорларидан бири даражасига эришган Бобоновнинг спортга кириб келиши, унинг яна қайси спорт турларига қизиқиши, орзу-ниятлари, устозларига бўлган муносабати, келгуси спорт режалари, "Париж-2024" Олимпиадасига тайёргарлик жараёнлари кўпчиликни қизиқтирса керак.

Давлат Бобонов билан ўтказган суҳбатимиз давомида шу ва бошқа бир қатор саволларга жавоб олдик.

 – Ўтган йил ҳаётингизда қандай из қолдирди? Қайси мусобақалардан хурсанд бўлдингизу, қайси бирлари сиз учун омадсизроқ ўтди?

– 2023 йилги спорт фаолиятим, тўғрисини айтсам, ёрқин хотираларга бой бўлди, дея олмайман. Сабаби, 2023 йилда жароҳатлар кўп бўлди. Шу сабаб кўплаб мусобақаларда қатнашишимга шифокорлар томонидан рухсат бўлмади. Қатнашганларимда ҳам керакли натижаларга эриша олмадим. 

– Фаолиятингиз мобайнида қайси дзюдочи билан ўтказган курашингиз энг қийин беллашув бўлди, дея оласиз?

– Умуман айтганда битта рақиб билан кечган баҳсни қийин бўлди, деб айта олмайман. Дзюдо спортида финалгача бўлган ҳар бир беллашувнинг ўзи алоҳида, таъбир жоиз бўлса, энг кулминацион беллашув ҳисобланади. Биласиз, мусобақа жараёнида саралашдан то маълум бир даражага чиқишгача бўлган кураш руҳий, жисмоний, техник-тактик жиҳатдан финал даражасидаги баҳс ҳисобланади. Шу маънода, катта мусобақалардаги бирон бир рақибимни алоҳида кўрсата олмайман. Ҳар бири ўзига хос услубга, тактикага эга бўлган спортчилар. 

– Спорт фаолиятингиз мобайнида дунёнинг кўплаб кучли дзюдочилари билан беллашгансиз. Улар орасида кимларни жаҳоннинг энг профессионал дзюдочилари, деб биласиз?

– Бугунги кунда яккакураш спорт турлари оламида дзюдо жуда оммалашиб кетди. Ҳозирда Халқаро дзюдо федерацияси рейтингига эътибор қаратсангиз ҳар бир вазнда кўплаб кучли, маҳоратли спортчиларни кўришингиз мумкин. Ўз вазнида рейтингдан жой олган барча спортчилар кучли ҳисобланади. Лекин кучлилик эмас, айнан маҳорат борасида Япония, Грузия ва Россия спортчилари профессионаллик борасида етакчи, деб ўйлайман.

– Токио олимпиадасидан кейин устозингизга уй совға қилганингиз ҳақида хабарлар тарқалганди. Устозингизга уй совға қилиш фикри қандай пайдо бўлган?

 – Токио олимпиадасидан кейин устозим Нурали Қобуловга уй совға қилганим рост. Лекин буни кўпчиликка кўз-кўз қилиш учун қилмаганман. Токио Олимпиадасининг дзюдо мусобақалари якунлангандан кейин ўйладим, шунча йўлни босиб ўтишимда устозим Нурали Қобиловнинг хизматлари катта. Нима қилсам у кишини хурсанд қиламан? Шунда ҳаёлимга уй совға қилиш фикри келган. Буни эса мусобақадан Ўзбекистонга қайтганимдан кейин амалга оширдим. Бир пайтлари дзюдо спортидан кетмоқчи бўлганимда устозим мени дзюдода олиб қолган, шуғулланишим, керакли натижаларга эришишимда катта руҳий қувват, далда берган. Бугунги кунгача қандай ютуққа эришган бўлсам уларда устозимнинг муносиб ҳиссаси бор. Шу ўринда айтишим керакки, бугунги кунда мамлакатимиз спортчиларининг, хусусан биз дзюдочиларнинг халқаро мусобақаларда қатнашишимиз учун давлатимиз томонидан алоҳида эътибор берилаётгани, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий қўллаб-қувватлаши ютуқларга эришишимизга замин бўлмоқда. Қолаверса, Қобулов сингари кўплаб фидойи мураббийларнинг изланиши, профессионаллиги янги-янги чемпионлар кашф этилишига олиб келмоқда. Юқорида айтганимдек, агар устозим мени қўллаб-қувватламаганда, далда бермаганда бугунги натижаларим ҳам бўлмасди.

– Дзюдо спортини ташлаб кетиш тўғрисида гапирдингиз. Бошқа спорт турида ўзингизни синаб кўриш ниятингиз бормиди?

– Йўқ, бундай ният ҳеч қачон бўлмаган. Бошқа спорт турида ўзимни тасаввур қила олмайман. Тўғрисини айтсам, кичкиналигимдан бошқа спорт турида шуғулланмаганман. 7-синфда ўқиб юрганимдан бошлаб дзюдо машғулотларига қатнай бошлаганман. 

– Самарқанд спорт мактабида таҳсил олгансиз. Мактабни қаерда ўқигансиз, ёшликдаги дўстларингиз билан суҳбатлашиб турасизми?

– Нурота туманида туғилганман. Бир ёшимда уйдагилар Тошкентга кўчиб келишган. Шундан бери пойтахтдамиз. Тошкентдаги 243-мактабда таҳсил олганман. 6-синфгача Олмазор туманидаги ушбу мактабда ўқиганман. 7-синфимдан Самарқанддаги Олимпия захиралари билим юртида ўқидим. Дзюдо билан жиддий шуғулланишим шундан бошланган. Мактабдаги, спорт коллежидаги дўстларим билан ҳозир ҳам кўришиб турамиз, албатта.

– Мамлакатимизда дзюдода катта натижаларга эришган кўплаб спортчилар, албатта, кураш билан шуғулланган, кураш мусобақаларида иштирок этган. Сизнинг кураш спортига муносабатингиз қандай?

– Олдин ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман. Дзюдо Олимпия спорт тури сифатида дунёда етакчи спорт тури ҳисобланади. Лекин кураш бу, бизнинг миллий спортимиз. У доимо юртимиз спортчилари орасида биринчи ўринда бўлиши керак. Ўзим дзюдочи бўлсам ҳам, расмий катта кураш мусобақаларида қатнашмаган бўлсам ҳам курашни яхши кўраман. Кураш – миллий спорт брендимиз. Уни ривожлантириш, халқаро майдонда оммалаштиришни мамлакатимизни жаҳон майдонида улуғлаш дегани деб, биламан.

– Халқимиз орасида тўй ва сайлларда кўплаб кураш мусобақалари ўтказилади. Шундай мусобақаларда қатнашганмисиз? Қатнашган бўлсангиз қандай совринларни ютгансиз? Қайси курашчилар билан беллашгансиз?

– Ўзбекман деган йигит борки, тўй ва сайлларда кураш майдонига ҳеч бўлмаса бир марта чиққан ёки улоқ кўпкари чопган. Албатта, мен ҳам тўй курашларида қатнашганман. Биринчи, иккинчи товоқларга даъвогарлик қилганман. Лекин тўй кураш гиламдаги кураш, татамидаги дзюдодан тубдан фарқ қилади. Тўй курашиларида рўй берадиган ғирромликлар, ноҳақликлар, келишув асосидаги беллашувларга баъзан гувоҳ бўлганман. Шунинг учун сайл ва тўй курашларига деярли чиқмайман. 

[gallery-15973]

– Жорий йилнинг энг муҳим мусобақаси Олимпиада, яна қайси халқаро мусобақалар сиз учун ушбу мавсумда муҳим ҳисобланади?

– Бу йил профессионал спортчиларнинг орзусидаги мусобақа – Олимпия ўйинлари Париж шаҳрида бўлиб ўтади. Унда қатнашиш ҳуқуқига эга чиқиш ҳар бир спортчи учун катта бахт. Мен учун жорий йилги яна бир энг жиддий мусобақа бу – Абу-Дабида ўтадиган навбатдаги жаҳон чемпионати. Чемпионатда муносиб иштирок этиш, Парижда ўз маҳоратимни намойиш қилишни мақсад қилганман. Бундан ташқари, дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар кенгашининг қарори билан бир қатор нуфузли турнирларда иштирок этамиз.

– Нега Португалия ва Францияда ўтган икки йирик турнирда иштирок этмадингиз?

– Португалияда ўтган “Гран-при” ва Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган “Катта дубулға” турнирларида жароҳатим боис иштирок эта олмадим. Айтишим керак, йил бошида Европа мамлакатларида терма жамоамиз билан ўқув-машғулот йиғинларини ўтказдик ва Австрия мамлакатидаги йиғинда жароҳат олдим. 

– Жароҳат битгач халқаро мусобақаларнинг қайси бирида татамига чиқасиз?

– Ҳозирда Олимпия ўйинларига қадар 10 та йирик турнирлар бор ва мен жароҳатим тузалиши билан мусобақаларда иштирок этишни ният қилмоқдаман. Мақсадим, март ойида пойтахтимизда ўтказилиши режалаштирилаётган “Катта дубулға” турнирида татамига чиқиш. Бу рўй берадими, йўқ вақт кўрсатади. Муҳими, жароҳатим битса бас.

–  Жароҳатингиз сабаб дам оляпсизми ёки машғулотларни давом эттиряпсизми?

– Шу кунларда Тошкент вилоятидаги спорт базасида терма жамоамиз билан навбатдаги йиғинда иштирок этмоқдаман. "Париж-2024" олдидан дам олишга вақт йўқ ҳисоби. Ҳар бир кун, ҳар кунлик машғулот кўникмаси муҳим. Қовурғамдан олган жароҳатимга келсак, у қадар жиддий эмас. Тузалишга вақт керак бўляпти. Шифокорларимизга раҳмат. Улар тезроқ мусобақалар майдонига қайтишим учун ҳар куни кўмак кўрсатяпти. Ўйлайманки, Тошкент мусобақаларига қадар ҳаммаси изга тушиб кетади. 

– Европанинг қайсидир дзюдо клубининг аъзоси ҳисобланасиз. Клубдаги фаолиятингиз Ўзбекистон терма жамоаси сафида мусобақаларда иштирок этишингизга халал бермайдими?

– Франциянинг ПСЖ ва Германиянинг Бундеслига дзюдо клублари билан шартномам бор. Улар билан ҳамкорлигим фаолиятимга салбий таъсир кўрсатмайди. Аксинча, иқтисодий жиҳатдан ва доимий мусобақа кўникмасини ошириб боришимга ёрдам беради. Улар билан келишувда Халқаро дзюдо федерацияси тақвимидаги мусобақаларда иштирокимга доир розилик банди киритилган. 

– Татамида рақибингиз билан беллашаётганда ўзингизга қулоқ соласизми ёки тренерингиз кўрсатмаларига амал қиласизми?

– Беллашув вақтида мураббийимни эшитаман. Лекин кўп ҳолларда тўлиқ амал қилмайман. Сабаби, татамининг ичидаги ҳолатни рақиб ва спортчигина билади. Мураббий татамидаги ҳамма нуқтадаги техник-тактик, руҳий ва жисмоний вазиятни тўлалигича англай олмайди. Ўзимдан қиёс, мураббийимнинг гапини эшитаман. Аммо ўзим билган, кўриб турган ҳолатга қараб беллашувга киришаман. Тўғри, баъзида мураббий кўрсатмасида ҳақиқат бўлади, баъзида эса акси. Шу жиҳатдан, бундай вазиятга бир ёқлама қараб бўлмайди. Мен кураш вақтида ўзимнинг ички сезгимга, ҳам мураббийимнинг кўрсатмасига амал қиламан. Қайси бири тўғри бўлса ўша ҳолатда ҳаракатни амалга ошираман. 

– Сир бўлмаса, Давлат Бобоновнинг энг эзгу орзулари нималар эдию, қайси бирлари амалга ошди ва қайсилари ўз ижобатини кутмоқда?

– Бу дунёда орзу-истаксиз инсон бўлмаса керак. Ҳамманинг ҳам ниятлари бўлади. Фақат уларнинг қай даражада амалга ошиши муҳим. Спортчи сифатида шукурки, кўпгина орзуларимга эришдим ва эришмоқдаман. Бир пайтлари чемпион бўлсам ота-онамни, устозимни хурсанд қиламан, дея ният қилгандим. Бу истакларим ўз ижобатини топганидан бахтиёрман. Олимпия ўйинлари совриндори бўлдим. Тошкентда ўтган жаҳон чемпионатида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиб, шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёевдан олтин медални қабул қилиб олдим. Бундай шарафга эришиш ҳар қандай спортчи учун улуғ бахт. Ҳали олдинда кўплаб яхши ниятларни режалаштириб қўйганман. Вақти-соати келиб уларга эришганимда сизлар билан баҳам кўраман, албатта.

–  Самимий суҳбатингиз учун раҳмат!

Тўқин Рўзиев, 

Жавоҳир Тошхўжаев суҳбатлашди,

 ЎзА