Устозлик – бу шунчаки касб эмас, балки инсон ҳаётига мазмун бахш этувчи, доимий фидойилик ва машаққатли меҳнатни талаб қилувчи шарафли йўлдир.
Жиззах заминида туғилиб, бугунги кунда Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги1-умумтаълим мактабида раҳбарлик қилиб келаётган Насиба Холзакова ҳам бутун умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлаган ана шундай фидойилардан.
Опанинг ўқитувчиликка бўлган меҳри еттинчи синфда ўқиётган кезлари она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлган Зулфия Қаршиевага ҳавас билан пайдо бўлган. Устознинг достон ва бадиий асарлардан гўзал тарзда парчалар ўқиб бериши барча ўқувчилар қатори уни ҳам мафтун этган. Айнан ушбу жараён Насиба Холзакованинг келажак ҳаёт йўлини белгилаб берган.
Жиззах давлат педагогика институтини тамомлагач, Насиба Холзакова меҳнат фаолиятини ўзи таҳсил олган мактабда устози сингари она тили ва адабиёти фанидан ўқувчиларга сабоқ бериш билан бошлади. Сўнг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари лавозимида фаолият юритди. Тақдир тақазоси билан оиласи билан Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманига кўчиб келди, таълим соҳасида турли лавозимларда самарали меҳнат қилди. 2014 йилдан буён туман марказидаги 1-умумтаълим мактабида раҳбар сифатида фаолият юритади.
– Ўқитувчилик – шарафли касб, - дейди қаҳрамонимиз. – Шогирдингиз сизни ҳар кўрганида салом бериб ўтишидан бир “ўсасиз”, улардан бирортаси ютуққа эришганда эса икки бора “ўсасиз”. Шуни ўзи биз учун юксак унвон ва шарафдир.
Бугунги кунда у раҳбарлик қилаётган мактаб вилоятдаги намунали таълим масканларидан. Бу ерда 1250 нафар ўқувчи таҳсил олади. 2018 йилда мактаб мукаммал таъмирланиб, замонавий қиёфага келтирилди, 2023 йилда “Опен бюджет” лойиҳаси маблағи ҳисобидан ташқи фасади янгиланди ҳамда спорт майдонлари жиҳозланди. Ҳозирда маскан сунъий футбол ва волейбол майдонларига ҳам эга. Таълим жараёни рус ва ўзбек тилларида олиб борилади. Барча фанлардан тўгараклар ташкил этилган. Шунингдек, кун узайтирилган гуруҳлар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Яна муҳими, мактабда минг доллардан ортиқ маош олаётган ўқитувчилар жуда кўп.
[gallery-25524]
Насиба опанинг турмуш ўртоғи таълим соҳаси жонкуярларидан, икки фарзанди ҳам улар изидан бориб, ўқитувчиликни танлаган. Яна иккиси келажакда элга нафи тегадиган яхши касб эгаси бўлиш ниятида.
– Кучли педагог бўлиш учун касбни ёки болаларни яхши кўришнинг ўзи етарли эмас, - дейди Насиба Холзакова. – Бунинг учун албатта билимли бўлиш ҳам керак. Ўзини устида ишламаган ўқитувчи бу соҳадан кетгани маъқул. Боиси, билимсиз ўқитувчи наинки фарзандларимиз тақдирига, балки келажакка ҳам болта урган бўлади.
Устозлик – инсон умрига маъно бағишлайдиган, қалбларни ёритадиган ва миллатнинг келажагини бунёд этадиган муқаддас йўлдир. Насиба Холзакованинг ҳаёти шу йўлнинг нечоғли масъулиятли эканини яққол намоён этади. У раҳбарлик қилаётган мактабдаги ютуқлар, ўқувчиларнинг муваффақияти бу фидойилик мевасидир. Фидойи устозлар бор экан, келажак бунёдкорлари бўлган фарзандларимизнинг йўли равон, Ватанимизнинг эртаси равшан бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/alla6WvueXY" title="Устозга ҳавасдан бошланган фидойилик" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Камола Юсупова,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат+видео), ЎзА