Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устоз журналистнинг “Янги Ўзбекистон орзуси” китоби тақдимоти ўтказилди
19:09 / 2025-11-06

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист, уюшма аъзоси Салим Дониёровнинг “Янги Ўзбекистон орзуси” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат арбоблари, зиёлилар, талаба ёшлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид очиб берди.

[gallery-26111]

–Президентимиз Шавкат Мирзиёев танлаб олган йўл Янги Ўзбекистонни катта ва улуғвор мақсадлари сари олиб бормоқда, –деди Сирожиддин Саййид. – Мамлакатимиз қалам аҳлининг самарали ижод қилишлари йўлида зарур барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Ижодкор зиёлилар бугунги кунда ўз масъулияти, бурчини теран ҳис этиб, она-Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар. Моҳир журналист Салим Дониёровнинг тақдимоти ўтказилаётган “Янги Ўзбекистон орзуси” номли китоби ҳам тезкор, янгиланиб бораётган замон талабига жавоб берувчи мақолалар, суҳбатлар, таҳлилий материалларни ўзида жамлагани билан диққатга сазовор.  

Тақдимот анжуманида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов ва бошқалар моҳир журналистнинг янги китоби хусусида батафсил тўхталди.

Айтиш керакки, “Янги Ўзбекистон” нашри қарийб олти йил аввал 2020 йил 25 январдан бошлаб чоп этила бошланган эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси муассислигидаги газета миллий матбуотимизга ўзига хос овоз, янги Ўзбекистон шукуҳи билан кириб келди. Газета қисқа вақтда давлат ва жамоат арбоблари, зиёлилар, кенг жамоатчилик орасида катта обрў ва эътибор, эътирофларга сазовор бўлди.

Бу бежиз эмас. “Янги Ўзбекистон” реал ҳаётимиздаги янгиланишлар жараёни, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини оддий одамлар ҳаёти мисолида таҳлил этиб, ўқувчиларга ҳавола қилиб келмоқда. Айни пайтда газетада давлат ва жамоат арбобларининг таҳлилий фикрлари ҳам изчил бериб борилмоқда.

[gallery-26112]

“Янги Ўзбекистон орзуси” китобидан муаллифнинг ана шундай теран таҳлил асосида ёзилган мақолалари, давлат ва жамоат арбоблари билан суҳбатлари ўрин олган. Мазкур тўпламдаги мақола ва суҳбатлар ўтган беш йил давомида “Янги Ўзбекистон” газетасида эълон қилинган. Шу жиҳатдан китобни Янги Ўзбекистон орзуси сари йўлга чиққан катта карвоннинг ўзига хос солномаси, дейиш мумкин. Буни тадбирда устоз журналистлар, ёзувчи ва шоирлар ҳам алоҳида эътироф этди.

Дарҳақиқат, китобни мутолаа қилар экансиз, янги Ўзбекистоннинг қисқа, аммо шонли тарихи, ислоҳотларнинг тадрижий ривожи кўз олдингизга келади. Муаллиф қаламга олган ҳар бир мавзу, суҳбатида мана шу янгиланишлар жараёнини самимий, равон ва содда тилда, айни дамда журналистик нигоҳ билан чуқур таҳлил этган.

Салим Дониёров 2020 йилдан “Янги Ўзбекистон” ва “Правда Востока” газеталари таҳририяти” давлат муассасаси бош муҳаррири лавозимида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, у Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бошқаруви аъзоси ҳисобланади. Таниқли журналист, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Салим Дониёров 2010 йилда “Олтин қалам” танлови ғолиби бўлган. 2020 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2025 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвони билан тақдирланган.

Тадбир доирасида Ёзувчилар уюшмаси фотографи Аҳмад Тўранинг “Янги Ўзбекистон манзаралари” номли кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА