Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ёш журналистлар” тўгараги ташкил этилган.
Нукусда бўлиб турган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, “Янги медиа таълим маркази” директори Беруний Алимов ҳамда Уюшманинг Қорақалпоғистон бўлими раиси Кенгесбой Реймов ушбу тўгарак ёшлари билан учрашди.
Мулоқот чоғида мамлакатимизда ёшларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани таъкидланди. “Устоз-шогирд” анъанаси, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатиш масъулияти хусусида сўз юритилди.
Мулоқотдан сўнг, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Идирис Қосназаров хонадонига борилди. 1954 йил 14 мартда Чимбой туманида таваллуд топган И.Қосназаров ижодий фаолиятини Қорақалпоғистон телевидениесида бошлаб, кейинчалик “Еркин Қарақалпақстан” газетасида махсус мухбир, бўлим муҳаррири, бош муҳаррир ўринбосари, “Қарақалпақстан жаслары» газетаси бош муҳаррири сифатида ишлаган.
– Қирқ йилдан зиёд матбуот соҳасида фаолият юритдим, – дейди И. Қосназаров. – Ҳозиргидек журналистика соҳасига эътибор қаратилган даврни кўрмадим. Қанийди, ёш бўлиб қолсаму, маза қилиб ижод қилсам.
Устоз журналистлар ва уларнинг оила аъзолари Уюшма вакилларининг ташрифидан миннатдор эканликларини билдирди.
Гулноза Бобова, ЎзА