Дунёнинг ишлари ғалати, ҳафта-ю ойлар лаҳзадек ўтиб кетаверади. Ҳаёт ташвишлари билан устозлару қадрдонларни кўп ҳам ёдга олавермаймиз. Буни эса кундалик юмушларнинг кўплигига йўйиб, ўзимизни оқлагандек бўламиз. Уларнинг қадр-қимматини эса йўқотганимиздан кейингина англай бошлаймиз.
Устоз журналист Аҳмаджон Тошхўжаев мамлакатимизнинг етакчи нашриётларида фаолият олиб бориб, эл корига яради ва ҳурмат топди. Оддий, жайдари, меҳнатдан сира қочмайдиган фазилатлар у билан ҳамиша ҳамроҳ эди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида миллий матбуотни ривожлантириш, жамиятда осойишталик, ижтимоий барқарорликни сақлаш, парокандаликка йўл қўймасликдек долзарб масалалар устувор ўрин тутган мураккаб бир даврда Аҳмаджон Тошхўжаев медиа соҳанинг энг олдинги сафларида фаолият олиб борди.
Мамлакатнинг турли ҳудудларида бўлаётган ўзгаришларни мухбирлар тезкор, холис ёритишида, ижодий ёндашишда унинг топқирлиги, кенг дунёқараши жуда қўл келарди.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАдаги фаолиятида Аҳмаджон Тошхўжаев асосан маҳаллий ва фототаҳририят ишини мувофиқлаштирар эди. Аслида ахборот маҳкамасида иш ҳеч қачон осон кечмаган, лекин устоз журналист босиқлик, тўғри, оқилона баҳо бера олиш, мақбул қарор қабул қилиш қобилияти билан вазиятларга ёндашарди. Сўз қадрини билар, билгани қадар, ҳар бир жумлага, таржима мақолаларга жонкуярлик билан ёндашар эди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ўнга яқин шеърий ва насрий асарлар муаллифи, таниқли жамоат ва маданият арбоби, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси Аҳмаджон Тошхўжаев энди орамизда йўқ. Ундан шогирдларига яхши ўгит ва ибрат, китобхонларга эса ҳикматли асарлар қолди. Шуни айтишса керак: "Инсондан аввало яхши ном қолсин", деб. Устоз журналист мана шундай яхши номга муносиб бўла олди.
ЎзА жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.