Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устоз ва шогирдлар кўргазмаси
16:05 / 2023-05-30

Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида уста наққош Ҳикматулла Файзуллаев ва шогирдларининг “Санъатга бағишланган умр” номли кўргазмаси очилди.

Умрини нақш санъатига бахш этган уста-наққош, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, “Меҳнат шуҳрати” ордени совриндори Ҳикматулла Файзуллаев 1957 йил Тошкентда таваллуд топган.

Таниқли уста-наққош Тойир Тўхтахўжаевга тақлид қилиб, нақш элементларини чизишни бошлаган фарзандидаги наққошлик санъатига иштиёқни ва истеъдодни кўрган Рашидулло ота Тойир Тўхтахўжаевнинг маслаҳати билан ўғлини таниқли наққош-уста, Ўзбекистон халқ рассоми Жалил Ҳакимовга шогирдликка беради.

Ҳикматулла Файзуллаев 1967 йил 10 ёшида оддий мактабдан ўша кезлардаги Пионер ва ўқувчилар саройига ўтиб, наққошлик сир-асрорларини ўрганиш билан таълимни давом эттирди. 1972 йили Ҳикматулла Файзуллаев Жалил Ҳакимов каби уста наққош бўлишга қатъий қарор қилди. Нақш сирларини чуқурроқ ўрганиш учун Тошкентдаги Павел Бенков номидаги рассомлик билим юртига ўқишга кирди.  

Ҳозирда уста-наққош Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатининг рассомлик бўлимида наққошлик ҳунарини ўқувчиларга ўргатиб келмоқда.

Уста шогирдлари билан кўплаб давлат тасарруфидаги биноларнинг безак ишларини олиб борди. Жумладан, Самарқандаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.А.Каримов мақбараси, Жиззах, Самарқанд, Урганч шаҳридаги объектларнинг интерьер безаклари, Жиззах вилоят мусиқали драма театри, Тошкент шаҳридаги Тўлабек мақбараси ички қисми шифт ва деворлари безаги, Наврўз боғи ва яна кўплаб катта-катта объектларни бирга ишлашган.  

Наққошлик санъати узоқ меҳнат ва сабр талаб этади. Ҳозирги кунда Ҳикматулла Файзуллаев нафақада бўлсада, шогирдларига касб сирларини ўргатишда давом этмоқда.

Гулноза Бобоева, ЎзА