Беғубор болаликнинг шодлигу бахтиёрлигидан бу болажонлар айро бўлиб қолиши мумкин эди. Лекин меҳрибон халқимиз, болажон давлатимиз ногиронлиги бўлган ҳар бир ўғил қизга алоҳида эътибор қаратган. Улар учун ҳавас қилса арзигулик соя-салқин, барча имкониятларга эга маҳсус таълим-тарбия берувчи масканлар ташкил этилган. Ҳар уч-тўрт болага тарбиячи, маъсул хамшира бириктирилган.
Мана, 16 йилдирки Матлубахон Муродова шу болаларнинг суюкли тарбиячиси, уларнинг тилидан айтсак меҳрибон онажонларидир. Ногирон бола билан шуғулланишнинг ўзига хос талаблари ва услублари бор. Аммо меҳр ҳаммасидан устун, дейди Матлубахон.
Бугун уни жамоаси ўзгача қувонч билан кутиб олди. Фарғона шаҳридаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар интернат уйи тарбиячиси Матлубахон Муродова Ўзбекистон Президенти Фармонига кўра “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.
- Президентимиз томонидан берилган мукофот жуда муносиб деб ўйлайман, - дейди тарбиячи Феруза Жўраева. - Чунки Матлубахон мурувват уйидаги энг фаол, энг тажрибали тарбиячилардан биридир. Қолаверса Матлубахон шогирдпарвар устоз. Ўнлаб шогирдлари унинг изидан бориб, у ўргатган билим ва услубларга эга бўлиб тарбиячилик қилишмоқда.
Фарғонадаги “Афросиёб” кошонасига устоз ва мураббийлар вакиллари таклиф этилди. Уларни карнай-сурнай гулдасталар билан кутиб олинди. Тўкин дастурхон, эл севган санъаткорлар улар хизматида бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига” йўллаган табригини вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров ўқиб эшиттирди. Сўнгра Президент фармони билан тақдирланганларга ватаннинг юксак мукофотларини топширди. Улар орасида Матлубахон Муродова хам бор эди.
- Меҳнатимни инобатга олган Президентимизга чексиз миннатдорчилик билдираман. Мен бу орден барча ҳамкасбларим, меҳнат жамоамизга берилган деб биламан. Мукофот кучимга куч қўшди. Болаларга янада кўпроқ меҳр бериб шижоат билан ишлашга ҳаракат қиламан, - дейди ҳаяжонини яшира олмай Матлубахон Муродова.
Тақдирланганлар сафида инсон иродаси нималарга қодир эканини амалда исбот қилган икки қўлсиз Фарғона туманидаги 15 мактабнинг тасвирий санъат ўқитувчиси Шуҳратжон Ўринбоев хам бор эди. Унинг кўксига “Меҳнат шуҳрати” ордени тақиб қўйилди.
- Тўғриси мен учун кутилмаган вақтда бўлди. Бундай юксак мукофотга лойиқ кўрилганимдан ғоят бахтиёрман, - дейди Шуҳратжон Ўринбоев. - Мен ҳам ўқишга кирмасам, ишламасам, давлат берган нафақага яшаб юрсам бўлар эди. Бандасига чексиз имконият берилган. Уни қандай амалга ошириш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Интилса, изланса, иродали бўлса ҳамма нарсага эришса бўлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FnYiMsYboYM" title="Устоз ва мураббийлар эъзозда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Фарғонада бўлиб ўтган Ўқитувчи ва мураббийлар байрамида барчага вилоят ҳокимлигининг совғалари топширилди. Санъаткорлар эса улар учун астойдил хизмат қилишди. Зеро, устознинг қадри бунданда улкан эътибор ва эъзозга муносиб.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов, ЎзА