Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устоз шоирага эҳтиром кўрсатилди
11:47 / 2024-10-10

Андижон ихтисослаштирилган санъат мактабида “Кўнгил шоираси” деб номланган адабий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Халқ маорифи аълочиси”, фахрий муаллима, шоира Мунаввара Тиллабоева таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, шоир Минҳожиддин Мирзо, адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик вакиллари, ижодкор ёшлар, шоиранинг яқинлари, шогирдлари иштирок этди.  

Менинг ўлкам чиройини саҳар чоғи чамандан сўр,  

Чаманлар лол қолар бўлса, у қошлари камондан сўр.  

***

Кишилар меҳнати бирла қадр топса ажабланма,  

Бу роҳат, бу ҳаловатни азиз юрти омондан сўр.  

 

Диёрим бағрида ўсмиш неча турфа гулу райҳон,  

Ўзи райҳон, сўзи хандон чиройи бир жаҳондан сўр.  

 

Кулгиси тонгни уйғотган дилраболар яшар бунда,  

Улар маскан қилиб эрмиш бахтиёр бу макондан сўр.  

***

Қутлуғ ёшини нишонлаган шоира Мунаввара Тиллабоева ўз ғазалларининг бирида юрт гўзаллигини, меҳнатидан қадр топиб роҳат, фароғатда яшаётган юртдошларимизни, тинчлик, бахтиёрлик макон бўлган она Ватанимизни ана шундай гўзал мисраларда тараннум этади.  

Шоира Мунаввара Тиллабоева 1944 йили Андижон шаҳрида таваллуд топган. Шаҳардаги 32-ўрта мактабни тамомлаб, Андижон давлат педагогика институти – ҳозирги Андижон давлат университетининг тарих-филология факультетида таҳсил олган.  

[gallery-19675]

Институтни тамомлагандан буён устоз Андижон шаҳридаги 29-умумтаълим мактабида 40 йилга яқин ёш авлодга она тили ва адабиёти фанидан сабоқ берди. Педагог ва ижодкор сифатидаги самарали фаолияти, меҳнатсевар, камтар ва фидойилиги, тўғрисўз ва ҳалоллиги билан Мунаввара Тиллабоева нафақат ҳамкасблари, ижодкорлар, маҳалладошлари, балки кенг жамоатчилик ўртасида катта ҳурмат-эътибор топа олди.  

Мунаввара Тиллабоева педагогик фаолият билан бирга, бадиий ижодни тенг олиб борган ижодкор муаллимадир. Айниқса, мустақиллик йилларида унинг ижоди юксалди, қатор шеърий китоблари нашр этилди.    

Жумладан, турли йилларда шоиранинг “Муҳаббат тумори”, “Излаганим сен”, “Аллали тонг”, “Зафаржоннинг қўшиғи”, “Қалб нидолари”, “Кўнгил қатралари”, “Ой тўлган кечада”, “Оймомо”, “Олислардан таралар қўшиқ”, “Болам борки”, “Қорбобонинг совғаси”, “Олмазор боғларда”, “Оппоқ тонглар”, “Ишқ васфи” ва “Сайланма” китоблари чоп этилган. 

Тадбирда Минҳожиддин Мирзо Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Сайиднинг, Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршида Ваҳобжон қизи Андижон вилоят ҳокимининг табрикларини ўқиб эшиттирди, эсдалик совғаларини топширди.    

Шундан сўнг тадбирда сўз олган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Камчибек Кенжа, Фарид Усмон, Ўзбекистон Қаҳрамони Шукуржон Маматқулов шоиранинг ижодий ва педагогик фаолияти, инсоний фазилатлари, ижодининг ўзига хос жиҳатлари, тарбиявий аҳамияти ҳақида гапирди. Мунаввара Тиллабоеванинг ҳаёт йўли ёш авлод, юртдошларимиз учун ибрат мактаби эканлиги таъкидланди.  

Юбилей тадбирида Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчилари, ижодкор ёшлар томонидан шоиранинг шеърларидан намуналар ўқилди, шоира шеърлари билан ижро этилган қўшиқлар куйланди.  

Тадбир сўнггида устоз шоира Мунаввара Тиллабоева сўз олиб, кўрсатилган эътибор учун миннатдорчилик билдирди, янги шеърларидан ўқиб берди.  

Ф.  Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (фото),  

ЎзА мухбирлари