Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устоз-шогирд анъаналари янги босқичда
16:43 / 2022-11-04

Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигига бағишланган “30 йил 30 ёш учрашуви” лойиҳасининг Қашқадарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

Таъкидлаш лозимки, устоз-шогирд тизимини миллий анъаналарини қўллаган ҳолда давлат солиқ хизмати органларига ишга қабул қилинганига ҳали кўп бўлмаган ходимларнинг касбий маҳоратини ошириб бориш, улар орасидан замонавий фикрловчи, бугунги кун талабларига жавоб берадиган мутахассисларни тарбиялаш доимий эътибордаги масалалардан биридир.

“30 йил 30 ёш учрашуви” лойиҳасини ташкил этилиши ҳам ана шу мақсадларга хизмат қилади. Лойиҳанинг вилоят босқичига бағишланган тадбирни Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят 4-сектор раҳбари Шукуруллохон Нисбатхонов кириш сўзи билан очди. Беллашувда Қашқадарё вилояти давлат солиқ бошқармаси, шаҳар ва туман давлат солиқ инспекцияларидан жамоалар иштирок этди. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар моҳияти, солиққа тортиш ва солиқ саводхонлиги соҳасидаги долзарб муаммоларнинг ноанъанавий таҳлили, амалиётда юзага келаётган у ёки бу ўткир муаммонинг аниқ ечими юзасидан кутилмаган таклиф мавзуларни ўз ичига олган тақдимотларни намойиш қилишди.

Муросасиз беллашув якунида Қарши шаҳар давлат солиқ инспекцияси гуруҳи биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи ўринни Китоб тумани давлат солиқ инспекцияси, учинчи ўринни Шаҳрисабз шаҳар давлат солиқ инспекцияси гуруҳлари эгаллади.

– Солиқ тизимига ишга кирганимга 30 йилдан ошди. Ўтган давр мобайнида соҳада қатор ислоҳотлар амалга оширилди, – дейди танлов ғолиби Қарши шаҳар давлат солиқ инспекцияси ходими Илҳом Давронов. – Бугун бизга яратилган шароит, ходимларга эътибор бизни ишга бўлган масъулиятимизни янада оширади. Бу эса нафақат ўз устимизда ишлаш, балки билганларимизни ёшларга ўргатиш учун ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Ушбу лойиҳада иштирок этганимиз ва ғолиб бўлганимиздан жуда хурсандмиз.

Ғолибларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА.