Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устоз рассомлар кўргазмаси
16:45 / 2025-09-19

Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабида “Акварелда ранглар жилоси” номли янги ўқув йилининг илк кўргазмаси очилди.

Унда мактабда мураббийлик қилаётган икки нафар график рассом Одилжон Умрзоқов ва Камила Галицкаянинг самарали ижод маҳсуллари ҳамда акварелда ишлаш санъати намойиш этилди.

Ушбу ижодкорларнинг асарлари орасида манзара, портрет, натюрмортлар ўз ўрнига эга бўлиб, уларда нафақат ранглар уйғунлиги, балки руҳият ва табиатнинг жилоси ҳам кўзга ташланиши билан алоҳида эътирофга лойиқ.

Хусусан, пейзаж асарларида табиатнинг гўзаллиги, инсон ва муҳит уйғунлиги муаллифлар томонидан юксак маҳорат билан ифода этилган.

Одилжон Умрзоқов 2018 йилдан ушбу таълим муассасасида ёшларга дарс бериш баробарида, акварель санъатида муваффақиятли ижод қилади. Унинг мўйқаламида айниқса манзара ва архитектура уйғунлиги катта аҳамиятга эга. Устоз асарларида маҳалла кўчалари, қадимий уйлар, табиат манзаралари ва инсон руҳияти ўзига хос ранглар уйғунлигида акс этади.  

Камила Галицкая республика кўргазмалари иштирокчиси. 2010 йилда Словакиянинг Братислава шаҳрида ўтказилган халқаро плакатлар танловининг мутлақ ғолиби.

Камила Галицкая акварел санъатининг замонавий вакили. Унинг асарларида ранглар жилоси, мулойимлик ва образлар уйғунлиги, табиат, ҳаётнинг хотиржам лаҳзалари, инсон руҳий оламининг юксак ифодасини кўриш мумкин.  

Тадбирда сўзга чиққанлар кўргазма муаллифлари ижоди ҳақида ўз илиқ фикр-мулоҳазаларини билдиришди, бу каби кўргазмалар орқали  мактабда устоз-шогирд анъанаси янада бойиб, янги илҳом ва ижодий руҳга туртки бўлишини таъкидлашди.

Гулноза Бобоева, ЎзА