Андижон давлат университетида Ўзбекистон “Табобат” академияси ҳақиқий аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи, кимё фанлари доктори, профессор Абдуҳамид Махсумов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган “Товарлар кимёси ҳамда халқ табобати муаммолари ва истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Андижон давлат университети, Ўзбекистон “Табобат” академияси ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда мамлакатимиз ҳамда қатор хорижий давлатларнинг олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот марказлари олимлари, мутахассислари, талаба ёшлар иштирок этди.
Анжуман очилишида сўз олган Андижон давлат университети ректори Бахтиёржон Акбаралиев, Ўзбекистон халқ табобати академияси раиси, кимё фанлари доктори, профессор, Иброҳимжон Асқаров ва бошқалар томонидан анжуманнинг аҳамияти, шунингдек, профессор Абдуҳамид Махсумовнинг ярим асрлик илмий-педагогик фаолияти, кимё фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, шогирдлар тайёрлаш борасидаги ўзига хос мактаби ҳамда олимнинг ибратли умр йўли ҳақида гапириб, қутлуғ ёши билан муборакбод этди.
Абдуҳамид Маҳсумов 1971 йилдан бошлаб Тошкент тиббиёт институти (ҳозирги Тиббиёт академияси)да самарали илмий фаолият олиб борди. “Органик кимё” кафедрасида “Биологик фаол бирикмалар синтези, хоссалари ва ишлатилиши” йўналишида катта илмий мактаб ярата олган олимдир.
[gallery-25266]
Унинг раҳбарлигида 25 мингга яқин янги модда синтез қилиб олинди, 3,5 мингдан зиёд илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилди. Айни кунда 400 га яқин синтез қилинган препаратлар халқ хўжалиги, тиббиёт, фармацевтика, қурилиш, тўқимачилик, кимё саноати ва бошқа кўплаб соҳаларда қўлланилмоқда.
Олим 3 мингга яқин илмий мақола ва тезислар, 305 та ихтиро ва патент, 6 та дарслик, 200 дан ортиқ ўқув, ўқув-услубий қўлланма ва монография муаллифидир. Шунингдек, устоз-олим фаолияти давомида 8 докторлик, 38 та номзодлик, 59 та магистрлик диссертациясига илмий раҳбарлик қилган.
Тадбирда устознинг самарали илмий-педагогик фаолияти, мазмунли умр йўли, шогирдлар тайёрлашдаги устозлик мақоми, юксак инсоний фазилатлари барча учун ибрат эканлиги алоҳида эътироф этилди.
Университет раҳбарияти, меҳмонлар, кенг жамоатчилик вакиллари, шогирдлари профессор Абдуҳамид Махсумовни табриклаб, совға-саломлар топширди.
Устоз Абдуҳамид Махсумов кўрсатилган эътибор ва эҳтиром учун барчага миннатдорчилик билдирди.
Шундан сўнг юртимиз ва хорижий олимларнинг халқ табобати, товаршунослик ҳамда замонавий кимё фанига оид долзарб муаммолар, уларнинг ечим ва истиқболлари мавзуларидаги маърузалари тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, товарлар кимёси фанини янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
Тадбир доирасида илм-фан ва амалиёт интеграциясини акс эттирувчи кўргазма ташкил этилди. Унда олимлар томонидан ишлаб чиқилган соҳага оид инновацион ишланмалар, профессор-ўқитувчиларнинг дарслик, ўқув қўлланма ва монографиялари кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, соғлом овқатланишни тарғиб этувчи табиий озиқ-овқат қўшимчалари кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Ф. Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари