Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Устоз мусаввирлар ижодига эътибор
13:00 / 2021-04-21

2021 йилда ўзбек тасвирий санъатининг етук вакиллари – Раҳим Аҳмедов таваллудининг 100 йиллиги, Малик Набиев таваллудининг 105 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида Ўзбекистон Бадиий академиясининг таклифи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланди. Айни пайтда Бадиий академияга бу борада тегишли чораларни амалга оширишга оид топшириқлар берилди. Бадиий академия матбуот хизмати бу ҳақда маълум қилмоқда.

Устоз ижодкор Раҳим Аҳмедов 1921 йил 26 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон рассомлик мактабининг асосчиларидан бири. Рассом “Қаҳрамон она”, “Чўпон”, “Студент қиз портрети”, “Она ўйлари”, “Ўзбек қизи портрети”, “Қашқадарёлик аёл” , “Муқимий”, “Нигора”, “Наби Раҳимов”, “Шуҳрат Аббосов”, “Баҳор”, “Она ўйлари” сингари кўплаб асарлари билан ўзбек тасвирий санъати ривожига улкан ҳисса қўшган.

1961 йилда Ўзбекистон халқ рассоми унвони берилган. 1967 йил Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти, 1998 йил “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

Малик Набиев 1916 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Рассом тарихий жанрда ижод қилган, буюк аждодларимиз ва замондошларимизнинг мукаммал образларини яратган.  

Ижодкор томонидан 1994 йилда яратилган Соҳибқирон Амир Темур портрети – буюк саркарда ва давлат арбобининг образи намунаси, деб тан олинган.

Мўйқалам соҳибига 1992 йилда Ўзбекистон халқ рассоми унвони берилган. 1997 йил “Меҳнат шуҳрати”, 2000 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.

Устоз ижодкорларнинг таваллуд саналари бундай юксак тарзда нишонланиши уларнинг меросини ўрганиш, тасвирий санъат ривожига бетимсол ҳисса қўшган ижодкорлар хотирасини эъзозлаш, ёшларда миллий тасвирий санъатимизга бўлган ҳурмат ва қизиқишини янада кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Н.Усмонова,  ЎзА