Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси томонидан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбирига соҳада узоқ йиллар самарали ишлаган устоз фахрийлар таклиф қилинди.
Бошқарма бошлиғи Маъруфжон Раҳмонов бугунги кунда вилоятда фаолият кўрсатаётган банк муассасаларининг иқтисодиётни ривожлантириш, давлат ва маҳаллий дастурларни молиялаштириш, янги иш ўринларини яратиш, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш, шулар орқали аҳоли фаровонлигини оширишдаги аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади.
Тадбирда банк соҳасида самарали меҳнат қилиб, бугунги кунда кексалик гаштини сураётган устозларнинг бу борадаги ҳиссалари алоҳида тилга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси Икромхон Нажмиддинов ўз табригида Президентимизнинг соҳага доир фармон ва қарорлари билан бошқарма ҳамда тижорат банкларига юклатилган вазифаларга тўхталди.
Хусусан, бугунги кунда меҳнат фахрийлари, ўз ҳаётий ва иш тажрибаларидан келиб чиқиб, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётида фаол иштирок этиши лозимлиги, ёшлар билан тез-тез мулоқотда бўлиши зарурлиги қайд этилди.
Тадбир якунида устозларга эсдалик совғалари улашилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.