Умумий ўрта таълим тизимида фаолият олиб бораётган ўқитувчи ва муаллимларнинг нуфузи, мавқеи, обрў-эътиборини ошириш ҳамда рағбатлантириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Ўқитувчилар орасидан илғор, ижодкор, маҳоратли, фидойи ва ёшларни баркамол шахс этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётганларни аниқлаб рағбатлантириш, заҳматли касб эгаларининг меҳнатини қадрлаш муҳим масалалардан бири.
Муаллим-педагоглар орасидан ўқув-тарбия жараёнида инновацион технологиялардан унумли фойдаланиб, самарали натижаларга эришаётганларини аниқлаш ва уларнинг иш тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Ўқитувчилар ассоциацияси ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида «Устоз-2021 миллий мукофоти» танлови иккинчи маротаба ташкил этилди.

Ушбу нуфузли танловга ариза топшириш жараёнлари жорий йилнинг 15 cентябридан бошланган бўлиб, кеча – 4 декабрь куни Тошкент шаҳрида танлов ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов, соҳа ривожига улкан ҳисса қўшган фидойи ўқитувчилар ҳамда танлов ғолиблари иштирок этди.
«Устоз-2021» Миллий мукофоти танлови учун рўйхатдан ўтганлар сони бу йил 29 минг 850 нафарга етди. Танловнинг илк босқичида 4 минг 301 номзод иштирок этди. Улардан 40 нафари ушбу босқичлардан ўтиб, финалга етиб келди.

Тадбирда 40 финалчидан 8 нафари «Ташаббускор устоз», «Таълим соҳасида кўрсатган хизматлари учун», «Умид тимсоли», «Бошланғич таълим фидокор устози», «Матонатли устоз», «Фидойи устоз», «Меҳридарё устоз» ва «Плюс 1» номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритди.
- Танлов жуда ҳам кенг миқёсда ташкил этилди. Буни танловда иштирок этишни мақсад қилган устозлардан ҳам билсак бўлади. Ушбу танлов юртимизда ўқитувчининг мавқеини кўтаришга қаратилган йирик лойиҳалардан биридир. Бу лойиҳа Ўқитувчилар ассоциацияси ва Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, ўқитувчиларнинг дунёқарашини ошириш, замонавий инновациялар ва ўқув методлардан фойдаланишни рағбатлантиришни мақсад қилган. Бу танлов янада ривожлантирилиб, келгусида номинациялар сони янада кўпайишидан умидворман, - дейди танлов ҳакамлар аъзоси Нодира Азизова.
Танлов ғолиблари диплом, 30 миллион сўм пул мукофоти ва “Global Teacher Prize” халқаро танловининг тақдирлаш маросимига йўлланмани қўлга киритди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА