Янгиер шаҳар адлия бўлими томонидан фуқаронинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш мақсадида киритилган тақдимнома тўлиқ қаноатлантирилди.
Қисқа тафсилот шуки, Янгиер шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг АКТ ни жорий этиш ва таълим ташкилотларини рақамлаштириш методисти лавозимида ишловчи Д. Х. га 2024 йил ноябрь ойидан буён белгиланган тартибдаги 100 фоизли устамалар тўланмаган эди.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини янада такомиллаштириш чора‑тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг 7‑бандига кўра, давлат органлари ва бошқа бюджет ташкилотларининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш ва ривожлантиришга масъул бўлган ходимларга лавозим маошидан 100 фоиздан кам бўлмаган миқдорда ойлик устама белгиланган. Белгиланган устама давлат бюджетидан ёки ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағларидан тўланиши кўрсатиб ўтилган, – деди Янгиер шаҳар адлия бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Жавоҳир Комилов.
Адлия бўлими Меҳнат кодексининг тегишли моддаларига таяниб, иш берувчининг молиявий аҳволидан қатъи назар, ходимга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлиқ ҳажмда тўлаши шартлигини судда асослаб берди.
Натижада ходимга 38 338 375 сўмдан ортиқ устамалар тўлаб берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири