Ўзбекистон халқ артисти, атоқли созанда, бастакор ва педагог Уста Олим Комилов таваллудининг 150 йиллиги муносабати билан юртимизда бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан “Туркистон” саройида Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон давлат филармонияси томонидан буюк санъаткор хотирасига бағишланган ижодий-маърифий кеча ташкил этилди.
Мазкур тадбир Уста Олим Комиловнинг миллий мусиқамиз ривожига қўшган улкан ҳиссасини ёдга олиш, унинг ижодий меросини кенг жамоатчиликка етказиш, шунингдек, ёш авлодни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида ўтказилди.

Тадбирда санъатшунос олимлар, маданият соҳасининг таниқли вакиллари, доирачилик йўналишининг давомчилари ва ижод мухлислари иштирок этди. Кеча давомида Уста Олим Комиловнинг ҳаёти ва ижоди акс этган видеолавҳалар намойиш этилди, унинг бастакорлик намуналаридан турли асарлар ижро этилди. Ўзбекистон давлат филармонияси солистлари ва халқ чолғу ижрочилари томонидан устанинг машҳур куй ва композициялари тақдим этилди.
Шунингдек, кечада Уста Олим Комиловнинг Ўзбекистон миллий мусиқаси тарихидаги ўрни, унинг миллий ансамбл мактабини шакллантиришдаги хизматлари ҳақида сўз юритилди. Эътироф этилганидек, Уста Олим Комилов ижрочилик, рақс, театр каби санъат йўналишларининг фидойиси эди.

Манбаларда келтирилишича, 1935 йил Лондонда бўлиб ўтган биринчи халқаро миллий рақслар фестивалида “Пилла” рақсини яккахон ижрочиси Тамарахоним Олтин медалга сазовор бўлган. Ушбу рақс биргина мусиқий асбоб – доира усули остида ижро қилинган.
Доирачи Уста Олим Комиловнинг моҳирона ижроси барчани лол қолдирган, тинимсиз қарсак чалинган. Гарчи бу раққосалар танлови бўлса-да, Буюк Британия қироличаси Елизавета I нинг таклифига биноан, Уста Олим Комилов ҳам олтин медаль совриндорига айланган. Моҳир ижрочининг ўнг қўлида доира чалаётган намунаси Лондон музейларидан бирига ўрнатилган.

“Бу қўл оддийгина мусиқа асбоби орқали ҳайратланарли оҳанг симфониясини янгратади, терига тортилган узуклар ўйинга жўр бўлиб туради”, дея изоҳ қолдирилган...
Устознинг халқ куйларига бўлган эҳтироми, ўзбек мусиқасини халқаро майдонга олиб чиқиш йўлидаги хизматлари иштирокчилар томонидан ёдга олинди.
Ижодий-маърифий кеча томошабинларда чуқур таассурот қолдирди. Уста Олим Комиловнинг мусиқий мероси миллий санъатимизнинг бебаҳо бойлиги сифатида келажак авлод учун ўрнак бўлиб қолади.
Н.Усмонова, ЎзА