Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уста Олим Комилов таваллудининг 150 йиллиги нишонланди
19:02 / 2025-11-26

Бугун пойтахтимиздаги Ўзбекистон давлат хореография академиясида ўзбек саҳна рақс санъати асосчиларидан бири, моҳир балетмейстер ва хореограф, Ўзбекистон халқ артисти Уста Олим Комилов таваллудининг 150 йиллигига бағишланган илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуманда санъатшунослар, хореографлар, ЎзДХА профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар устоз санъаткорнинг бой маънавий мероси, миллий рақс санъати ва мусиқаси тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссаси хусусида фикр билдиришди.

Ўзбекистон давлат хореография академияси раҳбарияти томонидан Уста Олим Комилов номи билан боғлиқ илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш, маданий меросимизни янада чуқур ўрганиш ва уни замонавий таълим жараёнларига татбиқ этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Айниқса, академиянинг 2–3 курс талабалари томонидан “Доирa дарс”нинг беш қисмдан иборат амалий доира ижролари йиғилганларда катта таассурот қолдирди.

[gallery-26431]

Санъатшунослар фикрича, бу каби йиғинлар миллий рақс санъатимизни янада ривожлантириш, ёш авлодга улуғ санъаткорларнинг меросини етказиш ва илмий асосда тадқиқ этишда муҳим аҳамиятга эга.

– “Доира дарс” усуллар ва ўзбек рақсининг ҳаракатларини ўзида ифодалайди, - деди ЎзДХА кафедра мудири, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Гуласал Усмонова. – Шу ҳаракат асосида бошқа рақс мактаблари шаклланган. Уста Олим Комилов ва Тамарахоним доира усулларига хос рақс ҳаракатларини илк ўйлаб топишган. Кейинчалик 1973 йилда Розия Каримова томонидан “Доира дарс” системага солинган. 

Конференция якунида фаол иштирокчиларга сертификатлар топширилди.

Маълумот ўрнида: Уста Олим Комилов 1875 йилда Марғилонда туғилган. У доира, ноғора ва чанг асбобларини юксак маҳорат билан ижро этиб, ўзига хос зарб йўллари ва рақс услубини яратган. Унинг шогирдлари Тамарахоним ва Муқаррама Турғунбоевалар устоз йўлини давом эттириб, ўзбек рақс санъатини жаҳон саҳналарига олиб чиқди.

У яратган “Занг”, “Гул ўйин”, “Садр”, “Тантана” каби рақслар, шунингдек, қайта сайқалланган “Пилла” рақслари бугунги кунда мамлакатимиздаги хореография таълим муассасаларида дарслик сифатида ўргатилмоқда.

Д.Ҳакимов, ЎзА