Навоий вилояти Кармана туманидаги “Янгиобод” маҳалласи, “Ўзбекистон” кўчаси, 16-уйда яшовчи фуқаро Саъдулло Султоновнинг Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг “Ишонч телефони”га қилган мурожаати ўз ечимини топди.
Мурожаатда келтирилишича, С.Султонов хонадони учун эшик ясатиш мақсадида туманнинг “Талқоқ” маҳалласи ҳудудидаги устахонага буюртма беради. 2 ҳафта ичида эшикни ясаб ўрнатиб бериш хизмати учун келишилган 8 миллион 200 минг сўмнинг 7 миллионини олдиндан тўлайди.
Аммо келишилган вақтдан 50-60 кун ўтган бўлса-да эшикдан ҳам, тўланган маблағидан ҳам ҳеч қандай дарак бўлмаган, уста телефонларига “жавоб бермаган”.
Шундан сўнг фуқаро Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефонига мурожаат қилиб амалий ёрдам беришларини илтимос қилган.
Мурожаат Кармана тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиб, устахона ишчиси Б.Қодиров билан суҳбат олиб борилди. Ўрганишлар жараёнида фуқаронинг шикоятлари ўз тасдиғини топди.
Устага фуқаронинг истеъмолчи сифатидаги қонуний ҳуқуқлари, хизмат кўрсатувчининг эса мажбуриятлари тўғрисида тушунчалар берилди.
Натижада фуқарога хизмат кўрсатувчи томонидан сифатли хомашёдан эшик ясалиб, хонадонига ўрнатиб берилди.
Абдували Бўриев, ЎзА