Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Усмоншайх маҳалласига янги раис сайланди
08:24 / 2022-05-19

Бухоро вилоятида ҳам фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) сайлови юқори савияда ўтказилмоқда.

Олот туманида сайловнинг биринчи куни Мухтор, Давлатбой, Оқ олтин ва Шайхлар маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб  ўтган сайловда фуқаролар вакиллари ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз берди. 17 май куни Човдур, Усмоншайх, Бўстон ҳамда Жайхунобод маҳалла фуқаролар йиғинларида сайловлар ўтказилди.

– Туманнинг Усмоншайх маҳалла фуқаролар йиғинида 4 минг 446 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди З.Эргашов. – Шулардан 2 минг 485 нафари сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Белгиланган тартибларга кўра, сайлов ёшидагиларнинг 12 фоиз вакили, яъни 355 нафар фуқаро сайлов жараёнида иштирок этиши белгиланган. Уларнинг аксарияти сайловда муносиб номзодга овоз берди. Дарҳақиқат, сайлов куни Усмоншайх маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Шерак, Усмоншайх, Қозиробод, Қипчоқ, Заргарқайроқ, Гулобод қишлоқларида истиқомат қилувчи сайловчилар ўзлари муносиб деб топган номзодга овоз берди.

[gallery-7162]

Сайлов натижаларига кўра, 1981 йилда Олот туманида туғилган Одилжон Чўлиев номзоди энг муносиб деб топилиб, маҳалла раиси этиб сайланди. 

– Маҳаллага раис бўлиш катта масъулият, – дейди Одилжон Чўлиев. – Менга юклатилаётган вазифанинг масъулияти ва жавобгарлигини сезган ҳолда ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошираман. Аввало, маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий маънавиятимизга хос бўлмаган салбий иллатларнинг олдини олиш, уларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича оммавий-сиёсий, маънавий-маърифий, маданий ва тарбиявий тадбирлар изчиллигига эътибор қаратаман. Қолаверса, маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспектори билан яқин ҳамкорликда маҳаллада оила — турмуш доирасида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, оилалардаги тинчлик ва тотувликни таъминлашга бор имкониятимни ишга соламан. Режалар бисёр. Ҳудудимиз аҳолиси билан уни ҳамжиҳатликда амалга ошираман.

– Маҳалла раислари сайлови қонунийлик, ошкоралик, муқобиллик ва адолат мезонлари асосида ўтиши учун шу кунга қадар кўплаб семинарлар, ўқувлар ўтказилди, – дейди Фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси Обиджон Ҳамидов. – Вилоятдаги мавжуд 544 та маҳалла фуқаролар йиғинида муносиб номзодларни сайлаш мақсадида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказишда амалга ошириладиган долзарб вазифалар” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Унда Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Бухоро, Пешку, Ромитан, Жондор, Олот, Қоракўл, Қоровулбозор, Когон туманлари, Бухоро ҳамда Когон шаҳридаги ишчи гуруҳи раислари, ўринбосарлари ва масъул котиблари иштирок этди. Бириктирилган 13 нафар тажрибали устозлар кўмагида ушбу семинар-тренингларда сайлов қандай ташкил этилиши, номзодларга қўйилган талаблар, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги қонунини мазмун-моҳияти очиб берилди. Сиёсий жараённи сифатли ташкил этиш, қонунийлик ва адолат мезонларига қатъий амал қилинишини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди. Сайловни тартибли олиб бориш ва ҳужжатларни юритиш, аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан амалий тавсиялар берилди. Бу галги фуқаролар йиғинлари раиси (оқсоқоли) сайлови жамиятни янада ислоҳ қилиш ва демократлаштириш, мамлакатни модернизациялаш шароитида бўлиб ўтмоқда.

Аввалги сайловларда орттирилган тажриба ва қонун ҳужжатлари талабларини ҳисобга олган ҳолда вилоятда жараённинг очиқ ва шаффоф тарзда ўтаётгани, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини амалга оширишига қулай шароит яратилган. Овоз бериш бинолари жиҳозланган.

 

Зариф Комилов, 
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА