Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Усмонли турк султонлари эгаллай олмаган қалъани Амир Темур қандай забт этди?
07:35 / 2025-12-02

Тарихда шундай қалъалар бўлганки, уларнинг деворларига қараб, ҳатто энг қудратли султонлар ҳам умидсизликка тушган. Кичик Осиёдаги, денгиз бўйида жойлашган, насроний рицарлари томонидан ҳимоя қилинган Смирна (Измир) қалъаси ана шундай “забт этилмас қўрғон” ҳисобланарди.

Усмонли турк султони Боязид Йилдирим бу қалъани йиллар давомида қамал қилиб, уни забт эта олмаган ва охири бу ишдан воз кечган эди. Аммо 1402 йилда, Амир Темур қўшинлари бу қалъа остонасига келганда, дунё ҳарбий санъати тарихида муҳим воқеа юз берди. Йиллар давомида олинмаган қалъа бор-йўғи икки ҳафта ичида забт этилди. Хўш, Соҳибқирон бунга қандай эришди? У қандай муҳандислик ечимидан фойдаланди? 

Тарихчи Ибн Арабшоҳ ва бошқа муаррихлар Амир Темурнинг ҳарбий юришларини тасвирлар экан, унинг қўшинидаги мустаҳкам интизом ва тактик ҳаракатларнинг мукаммаллигига алоҳида урғу берадилар. Смирна қамали – бу Соҳибқироннинг нафақат қўмондон, балки буюк ҳарбий муҳандис эканини кўрсатувчи ёрқин мисолдир. Манбаларда айтилишича, қалъа денгиз ичида жойлашган бўлиб, қуруқликдан унга ҳужум қилишнинг иложи деярли йўқ эди. Аммо Соҳибқирон “имконсиз” сўзини тан олмасди.

Унинг буйруғи билан аскарлар денгизга ёғоч ва тошлардан сунъий кўприк ёки дўнглик ҳосил қилиб, қалъа деворларига яқинлашдилар. Энг ҳайратланарлиси – бу ўша давр артиллериясининг ишлатилиши эди. Ибн Арабшоҳ ёзади: “Темур қалъани қуршаб, уруш қилди ва буни олмагунча ўтиб кетмади... Ҳақиқатдан ҳам, ақл-идрокли киши ўз орқасида рақибга қўрғон қолдирмайди”. Манбаларда Амир Темурнинг манжаниқлари (тош отар қурилмалари) қалъа ичига нафақат тош, балки “оловли кўзалар” (нефт тўлдирилган идишлар) улоқтиргани айтилади. Бу усул қалъа ҳимоячиларини даҳшатга солиб, уларнинг таслим бўлишини тезлаштирган.

Яна бир ноёб ҳарбий тактика – бу “ов усули”нинг жанг майдонида қўлланилишидир. Темур қўшинининг ҳаракатланиши оддий юриш эмас, балки улкан, тирик механизмнинг ҳаракатига ўхшарди. Ибн Арабшоҳнинг тасвирлашича, Темур ов уюштирганда, аскарлар улкан майдонни халқа шаклида ўраб олишар ва секин-аста халқани торайтириб боришарди. Бунда ҳар бир аскар, ҳар бир бўлинма ўз ўрнини, масофасини ва вақтини мукаммал билиши шарт эди. Агар уларнинг бирортаси ўз ўрнидан жилса ёки белгиланган чизиқдан чиқса, қаттиқ жазоланарди. Бу машқ шунчаки кўнгилхушлик эмас, балки жанг майдонида душманни қуршаб олиш тактикасининг бош машқи эди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Соҳибқирон қўшинидв аскарларнинг ҳаракатланишидаги махфийлик ҳам диққатга сазовор эди. Манбаларда келтирилишича, Темур қўшини ҳаракатланганда, қаерга кетаётганини ҳеч ким, ҳатто юқори лавозимли амирлар ҳам аниқ билмасди. Улар баъзан шарққа қараб йўл олиб, тўсатдан ғарбга бурилиб кетардилар. Бу душман жосусларини чалғитиш ва кутилмаган зарба бериш учун қўлланган “ҳарбий алдамчилик” (дезинформация) усули эди.

Смирна қамалининг энг ҳал қилувчи нуқтаси шунда эдики, Темур ўша пайтгача ҳеч ким қўлламаган комбинацияни ишлатди: муҳандислик (денгизни тўсиш), кимёвий (оловли нефт) ва психологик ҳужум. Европалик рицарлар ўзларининг қалин деворлари ва денгизга ишонган эдилар, аммо улар қаршисидаги куч деворларни бузувчи техника ва денгизни қуруқликка айлантирувчи муҳандислик даҳоси эканини билмасдилар. Ибн Арабшоҳ қайд этганидек, Темур қўшини “худди сел каби” бостириб келди ва ҳеч қандай тўсиқ уларни тўхтата олмади. Бу ғалаба нафақат ҳарбий, балки илмий-техник устунликнинг натижаси эди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришлари шунчаки куч ишлатиш эмас, балки аниқ ҳисоб-китоб, мукаммал режалаштириш ва инсон руҳиятини бошқариш санъати эди. Манбалардан маълум бўладики, унинг қўшинидаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир қадам олдиндан пухта ўйланган режа асосида амалга оширилган. Бугун биз тарих китобларида ўқийдиган буюк юришлар замирида, аслида, аждодларимизнинг юксак муҳандислик тафаккури ва ҳарбий стратегияси ётибди. Бу мерос – фақат фахрланиш учун эмас, балки ўрганиш ва таҳлил қилиш учун қолдирилган бебаҳо хазинадир.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА