Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Усмон Носир театр саҳнасида
08:39 / 2022-07-07

Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида ёзувчи Жавлон Жовлиев қаламига мансуб «Усмон Носир» пьесаси асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди. Кенг жамоатчилик, зиёлилар ва адабиёт ихлосмандлари иштирокида спектаклнинг илк намойиши ўтказилди.

Саҳна асар беназир шоир, таржимон, драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган бўлиб, унда шоирнинг аянчли ва оғир ўтган ҳаёт йўлига назар ташланган, муаллиф яқин тарихга кўзгу тутишга уринган.

– Спектакль профессионал даражада саҳналаштирилган бўлиб,  мавзуга жиддий ва масъулият билан ёндашилгани сезилиб турибди, – дейди журналист Жасурбек Усмон. – Қувонарлиси, саҳнада асосан ёшлар. Ҳатто спектакль муаллифи ва режиссёри ҳам. Усмон Носир образини саҳнада гавдалантирган актёр Равшан Ибрагимов ижроси кишини ўзига жалб этади. У саҳнада Усмон Носир бўлиб яшади. Аммо бироз камчиликлари ҳам йўқ эмас. Ўқилган шеърлардаги баъзи сўзларнинг талаффузида камчилик, ортиқча пауза, кераксиз урғулар бордек. Умуман олганда бугунги кун авлодига яқин ўтмишда ўтган зиёлиларни танитиш учун бундай асарлар керак.

Диалоглар мазмундорлигида муаллиф Жавлон Жовлиевнинг ҳиссаси яққол сезилади. Актёрлар синфи яхши танланган. Ҳар бир роль маромида ижро этилган. Саҳна асар постановкачи режиссёри Достон Ҳақбердиев бошчилигидаги жамоа меҳнати алоҳида кўзга ташланади. Саҳна асарга академик Наим Каримов адабий маслаҳатчилик қилган. Равшан Ибрагимов, Меҳри Бекжонова, Маъсуда Отажонова, Оқила Ғуломова каби актёрлар роль ижро этган.

Спектакль премьерасидан сўнг Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, сенатор Бахтиёр Сайфуллаев, театр раҳбари Александр Бекжонов ижодкорлар жамоасини табриклади ва саҳна асар ҳақида фикрларини билдирди.

 

Д.Маматова, 
ЎзА мухбири