Инсоннинг қанча яшаши эмас, унинг қандай яшагани муҳим. Шоирнинг ҳам қанча ёзгани эмас, қандай ёзгани муҳим.
32 йилгина умр кўрган озодликнинг чинакам куйчиси, ҳассос шоир Усмон Носир мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган, ўзининг бетакрор истеъдоди, юксак матонати ва халқчил асарлари билан элимиз қалбидан мустаҳкам ўрин топган фидойилардан эди. Унинг Ватанга муҳаббат ва садоқат, келажакка юксак ишонч туйғуси билан йўғрилган асарлари маънавиятимизни юксалтиришга хизмат қилиб келмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 10 февралдаги “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимизга, айниқса, адабиёт ихлосмандларига янада кўтаринкилик бағишлади.
Мазкур қарорда таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Усмон Носир ҳаёти ва ижодига бағишланган танловлар ўтказиш, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда шоир ижодига бағишланган учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда китобхонлик кечаларини ташкил этиш белгиланган эди.
[gallery-6176]
Хусусан, Наманганда Ёшлар ишлари агентлиги Наманган вилояти бошқармаси ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкиллаштирилган "Менинг севимли шоирим" шиори остида видеороликлар танлови Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш, унинг шеъриятини чуқур англаш ҳамда китобхонларга моҳиятини етказишга қаратилди.
Мазкур челленжда қатнашган ёшлар томонидан танлов ҳайъатига Усмон Носир ижодидан намуналар келтирилган юздан ортиқ видеороликлар юборилди. Тақдим этилган ижодий ишларнинг энг яхшиси, деб топилган 100 нафар иштирокчининг видеороликлари Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармасининг телеграм тармоғидаги расмий саҳифасида эълон қилинди ва улар кўриб чиқилиб, ғолиблар аниқланди.
Якуний натижаларга кўра, Уйчи туманидаги 36-сонли умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Покиза Аҳмаджонова ғолиб, деб топилди. Наманган туманидаги Қўшчинор маҳалласининг ёшлар етакчиси Юнусхон Аҳмадалиев фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Наманган шаҳридаги Янги қурилиш маҳалласининг ёшлар етакчиси Акмалжон Тўлқинбоев эса учинчи ўринга сазовор бўлди.
Танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА