Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги кенг нишонланди
10:06 / 2022-10-18

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида республика адабий анжумани ўтказилди.

Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида щтказилган тадбирни Ғиждувон тумани ҳокими Шерзод Ашуров кириш сўзи билан очди. Усмон Носир таваллудининг 110 йиллиги билан барчани қутлади. Шоир ҳақида ўз фикрларини баён этиб, сўз охирида шоир шеърларидан бирини ўқиб берди. 

Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим Усмон Носирнинг ҳаёти ва ижод йўли ҳақида гапириб, анжуманни юксак савияда ташкил қилгани учун туман раҳбариятига миннатдорлик билдирди.  

–Туман ҳокими китоб ўқир экан, демак, бу бутун Ғиждувон аҳолисининг китобхонлигидан даракдир, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим.  

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ўринбосари Ғайрат Мажид сўзга чиқиб анжуман иштирокчиларини Ғиждувон туманида ташкил этилган адабиёт ва санъат байрами билан табриклади. Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим Усмон Носирнинг қайноқ ижоди, 24 ёшида жуда катта иқтидор эгаси бўлиб танилгани ва фожиали тақдири ҳақида сўзлаб берди.  

Дунёни инсонийлик, меҳр ва муҳаббат қутқариши ҳақидаги кўплаб асарлари билан китобхонга танилган Қўчқор Норқобил сўзга чиқиб, анжуман ҳақида илиқ таассуротларини ўртоқлашди ҳамда шеърларидан ўқиб берди.

Ёш таниқли ёзувчи, “Қўрқма” романи ҳамда бугун, кинотеатрларда намойиш этилаётган “Усмон Носир” драматик асари билан кенг оммага таниш Жавлон Жовлиев Усмон Носир драматик асаридан парча ўқиди.  

Ўзбекистон Миллий академик драма театри актёрлари ижросида намойиш этилган “Усмон Носир” драмасидан парча барча меҳмонлар ва иштирокчиларга манзур бўлди.  

 

Зариф Комилов, 
ЎзА