Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Усмон Носир” спектакли – талабалар ижросида
09:34 / 2022-04-22

Наманган вилоятидаги таълим муассасаларида Президентимизнинг жорий йил 10 февралдаги “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шоир ҳаёти ва ижодига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Хусусан, Наманган муҳандислик-технология институти талабалари Наманган фарзанди бўлган Усмон Носир ҳаётини ўрганиш, шеърларини ёд олиш, ижодини кенг тарғиб этиш борасида яхши ташаббусга қўл урди. Технологик йўналишларда таҳсил олсалар-да санъатга, бадиий адабиётга бефарқ бўлмаган бир гуруҳ талабалар Нодира Рашидованинг “Усмон Носир” асарини янги талқинда саҳналаштирди.

Спектакль намойишида кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари, маҳаллалардаги ёшлар ва талабалар иштирок этди.

– Мазкур саҳна асарини талабалар театр студиялари ўртасида ўтказиладиган танловларда иштирок этиш учун танлаб олган эдик, – дейди институтнинг ёшлар масалалари, маънавият ва маърифат ишлари бўйича биринчи проректори Маъруфжон Қаюмов. – Шогирдларимиз спектакль устида анча меҳнат қилди. Бу премьера билан чекланиб қолмай, спектаклни барча туманларимиз, чекка ҳудудлардаги маҳалла ёшлари учун ҳам намойиш этишни режалаштирганмиз.

Гулдурос қарсаклар, таъсирли нигоҳлар, айрим саҳналар ижроси чоғидаги кутилмаган кўз ёшлари... Буларнинг барчаси ижодий салоҳиятини намойиш эта олган талабаларнинг изланиш ва интилишларига берилган холис баҳо бўлди.

“Усмон Носир” спектакли орқали ватанпарварлик, олижаноблик, қийинчиликка бардош бериш, ғурур устунлиги каби фазилатлар акс эттирилган. Бу бугунги даврда ёш авлод вакилларини яратилган шароитларнинг қадрига етиш, ундан самарали фойдаланишга чорлайди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА