Республика Маънавият ва маърифат маркази, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейи ҳамкорлигида шоир Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигига бағишланган “Унутмас мени боғим...” номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилади.
Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига биноан ўзининг бетакрор истеъдоди, гўзал шеър ва достонлари билан ўзбек адабиётида ўчмас из қолдирган, мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган оташин шоир ва таржимон Усмон Носир тавваллудининг 110 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов сўзга чиқиб, ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаси Усмон Носир ҳаёти ва ижоди хусусида сўзлади. Шоир атиги 32 йил умр кўрган бўлса-да, ўзбек шеърияти тарихида ўчмас из қолдирганини, ўша даврда айтилган ҳар бир сўз эркинлик ва озодлик учун эканини таъкидлади.

Бўлажак шоирнинг илк шеъри “Ҳақиқат қалами” бўлиб, 1927 йилда “Янгийўл” газетасида чоп этилган. Усмон Носир 1931 йилда “Норбўта” номли достонини яратади. Шоирнинг илк шеърий тўпламлари “Қуёш билан суҳбат” ва “Сафарбар сатрлар” 1932 йилда нашр этилади. Шундан сўнг “Нахшон”, “Нил ва Рим” достонларини, 1934 йилда “Тракторобод”,
1935 йил “Юрак” ва 1936 йилда “Меҳрим” номли шеърий китоблари нашр этилади.
1937 йилнинг 27 январь куни Усмон Носир адабий фаолиятининг 10 йиллик юбилейи кенг нишонланади. Бироқ байрамдан ярим йил ўтиб Ёзувчилар уюшмасида ёш шоирнинг “хулқ-атвори” муҳокама қилинган мажлис бўлиб ўтади. Йиғилишдан икки кун ўтиб, 14 июль куни эндигина 24 ёшга тўлган Усмон Носир Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчирилади ва ҳибсга олинади.
Усмон Носир СССР Олий суди Ҳарбий коллегияси томонидан “халқ душмани” сифатида айбланиб, 10 йилга Меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинади. Ҳали 25 ёшга тўлмаган шоир Златоуск, Владивосток, Магадан қамоқхонарида бўлади. 1943 йили Кемерово вилоятининг Мариинск шаҳрида жойлашган лагерга жўнатилади.
Усмон Носир айни ижодий куч-қувватга тўлган 25 ёшида қамалиб, қатағон қилинди. Чунки мустабид тузум миллатпарвар, ватанпарвар инсонларни ўзининг энг ашаддий душмани, деб ҳисоблар эди. Шунинг учун ҳам, шоир умрини қамоқхоналарда азоб-уқубатда ўтказиб, 1944 йили 32 ёшида вафот этди.

Тадбир жараёнида музейда Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан тайёрланган “Усмон Носир – оташин шоир” фото кўргазмаси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳайкалтарошлик йўналиши бўйича 4-босқич талабаси Тоҳиржон Аҳмедовнинг “Маърифатпарвар зиёлиларимиз” мавзусидаги ҳайкалтарошлик асарлари кўргазмаси намойиш этилди.
Шунингдек, Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 28-умумий ўрта талим мактаби драмма театри тўгараги ўқувчиларининг Усмон Носир ҳаёти ва ижодига доир саҳна кўриниши ва Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан тайёрланган ҳужжатли фильм тадбир иштирокчиларига ҳавола этилди.
Д.Маматова, ЎзА