English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Услубчилар малака оширди
16:24 / 2023-11-07

Андижонда “Болаларни эрта ёшдан ривожлантиришни такомиллаштириш” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Мактабгача таълим ташкилотларида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш кўп жиҳатдан у ерда фаолият олиб бораётган педагог- ходимлар, тарбиячиларнинг билим, малака ва тажрибасига боғлиқ. Шу боис ҳам, уларнинг билим ва малакасини ошириб бориш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ана шундан келиб чиқиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мактабгача таълим ташкилотлари педагог- ходимларининг малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курслар ташкил этилиб, ўқув машғулотлари, семинарлар ўтказилмоқда. Жумладан, халқаро лойиҳа доирасида Андижонда ўтказилган семинарда мактабгача таълим ташкилотлари услубчилари иштирок этди. 

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, янги мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий дастур ва технологияларни татбиқ этиш, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. 

[gallery-14434]

– Агар фактларга мурожаат этадиган бўлсак, биргина Андижон вилоятида 2017-2022 йилларда 3-7 ёшдаги болаларнинг мактабгача таълимга қамров даражаси 22 фоиздан 83,7 фоизга ортди, – дейди Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Умиджон Айсақов. – Бундан ташқари, тизимда фаолият олиб бораётган педагог ва мутахассислар сони ҳам ортди. Умуман, Андижонда мазкур йўналишда сўнгги уч йил ичида бир неча ўн йиллар давомида қилинмаган ишлар амалга оширилди. 

Бугунги кунда вилоятда жами 3 минг 186 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Уларда 226 минг 332 нафар бола тарбияланади. Айни кунда қамров даражаси 83,7 фоизни ташкил этади. 

Семинарда мамлакатимизда иш олиб бораётган, шунингдек, хорижий мутахассислар томонидан болаларнинг билим ва интеллектуал салоҳиятини, фикрлаш қобилиятини эрта ёшдан ривожлантиришдаги замонавий методикалар, илғор хорижий тажрибалар ва психологик ёндашувларнинг узвийлиги бўйича қизиқарли маърузалар ўқилди. Бу борадаги илғор хорижий тажрибалар ҳақида маълумотлар берилди. 

Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Услубчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар батафсил жавоб қайтарди. 

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари