Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов ва USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Девид Ҳофман ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида ўтказилган мазкур учрашувда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари хусусида сўз юритилди. Шунингдек, унда ривожланиш мақсадлари тўғрисидаги битим кўриб чиқилди.
Ушбу келишувнинг аҳамияти АҚШ Конгресси томонидан молиялаштиришни соддалаштиришдан иборат. Бундай келишув Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан имзоланган ва у таълим тизимини ривожлантириш учун маблағлардан янада самарали фойдаланиш имконини беради.
Таъкидлаш керакки, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ушбу давлатнинг хорижда ёрдам кўрсатиш соҳасидаги олий федерал давлат бошқаруви органи ҳисобланади. Бугунги кунда USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кўпайтириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни бартараф этиш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини қондириш салоҳиятини ошириш мақсадида ҳамкорлик қилмоқда.
Учрашув якунида томонлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида, жумладан, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилиш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА