Тошкентда USAID ташкилоти томонидан тадбиркор аёллар учун семинар ташкил этилди. Тадбирда AҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу ҳамда Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) маъмуриятининг Осиё мамлакатлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Aнжали Каур иштирок этди. Юқори мартабали меҳмонларнинг “Тошкент гуллари” флористика мактабида бўлиб ўтган тадбиркор аёллар билан суҳбатида Ўзбекистонда хотин-қизлар иқтисодий имкониятини кенгайтириш бўйича қандай ишлар амалга оширилаётгани хусусида гап борди.
Мазкур анжуман Aгробизнесни ривожлантириш лойиҳаси доирасида амалга ошираётган, умумий қиймати 1 миллион долларга тенг аёллар ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш дастурининг бир қисмидир. Ташаббус доирасидаги тадбиркорлик ва касб-ҳунар машғулотлари Республика "Сaбр" ижтимоий-иқтисодий ривожланиш маркази ва 13 та ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан олиб борилмоқда. Жараёнга мамлакатимиз бўйлаб мингга яқин қишлоқ аёли жалб этилган.
Маълумки, USAID ва Ўзбекистон ҳамкорлиги мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва ҳудудий савдо ҳажмини ошириш, жамоат хавфсизлиги учун жиддий таҳдидларни, жумладан, COVID-19 хавфини йўқотиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжига жавоб чорасини кўриш салоҳиятини оширишни кўзлайди.
[gallery-7243]
Аёллар ҳуқуқ ва имкониятини кенгайтиришга йўналтирилган бу ташаббус мақсади қишлоқ аёлларида кенг қамровли тадбиркорлик кўникмаси, касбий таълимни шакллантириш, асбоб-ускуна ва жиҳоз билан таъминлаш, кредит олиш ва хусусий сектор билан алоқани мустаҳкамлашдан иборат бўлиб, мураббийлик, амалиёт ва бандликни таъминловчи чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олган.
- Aёллар барқарор ва юқори даромад келтирадиган иш топиш учун зарурий кўникма, ўз бизнесини йўлга қўйиш имконини берувчи молиявий салоҳиятга эга бўлса, жамиятда гендер ҳақидаги фикр ўзгаради, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши янада инклюзив, барқарор тус олади”, - деди Анжали Каур.
Дональд Лу хотин-қизлар ҳуқуқини кенгайтириш бўйича АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги умумий мажбурият ҳақида гапираркан, жумладан, шундай деди: “Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистон билан ҳамкорликда 1993 йилдан буён гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча учун инклюзив ва барқарор ривожланиш йўлини кўрсатадиган келажакни барпо қилиш йўлида бирга ишлаб келмоқда”.
Aёллар иқтисодий имконияти кенгайишини қўллаб-қувватлаш гендер тенгликка, аҳоли турмуш даражаси ошишига ҳамда инклюзив иқтисодий барқарорликка тўғридан-тўғри йўл очади. Ўзбекистонда аёлларни иш билан таъминлаш ёки уларнинг ўзини-ўзи банд қилишига кўмаклашиш инклюзив ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлайди.
Саидмурод Раҳимов, Оқил Ғуломов, ЎзА