French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
USAID лойиҳаси: 30 миллион сўмгача бўлган таклифлар молиялаштирилади
10:41 / 2022-02-01

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси Амалий тадқиқот ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида тадқиқотчилар ва тадқиқот гуруҳларидан аризалар қабул қилишини эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотларига кўра, мамлакатимиздаги агробизнесда дуч келинаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида USAID амалий тадқиқотлар ўтказишда Ўзбекистон илмий тадқиқот ҳамжамиятини қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.

Амалий тадқиқотлар қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар манбаи ҳисобланади. Бу янги технологияларни кашф этиш, фермер хўжаликлари самарадорлигини ошириш ва озиқ-овқат сифатини яхшилашга ёрдам беради. Ўзбекистонда фермерлар ва тадбиркорлар илмий тадқиқот ҳамжамиятидан кўмак олиш ва инновацион ечимлардан фойдаланиш имкониятига эга эмас.

Илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий агробизнес ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали USAID маҳаллий фермерлар ва агробизнес корхоналарининг муваффақиятли технологиялардан фойдаланишини қўллаб-қувватлайди. Бу эса рақобатбардошликни янада оширади.

USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси малакали илмий изланувчилардан тадқиқот ўтказиш ва илмий мақолалар ёзишлари учун аризалар қабул қилади. Бу мақолаларни илмий журналларда чоп этиш мақсад қилинган.

Таклифлар Ўзбекистон таълим муассасаларининг ўқув дастурлари билан боғлиқ мавзулар ва агробизнес учун қўлланилиши мумкин бўлган истиқболли амалиётларни ўз ичига олиши мумкин. Лойиҳа 30 миллион сўмгача бўлган таклифларни молиялаштиради.

Танловга аризалар 2022 йилнинг 1 апрелига қадар қабул қилинади.

Лойиҳа танланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бутун қиймат занжири бўйлаб қўшимча қиймат яратиш имконини берувчи янги технологиялар ва замонавий бошқарув амалиётларини жорий этиш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида хусусий сектор ривжоланишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

Мазкур тадбирлар Ўзбекистонда қўшимча қиймат қўшилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш, соҳага хотин-қизлар ва ёшларни жалб этиш, таълим муассасалари ва хусусий сектор ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигида мақбул сиёсат юритишни қўллаб-қувватлашга қаратилади.

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий хавф-хатарлар, жумладан COVID-19ни бартараф этиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига оқилона ёндашиш салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади.

ЎзА