Баҳорнинг бетакрор байрами - Наврўзи оламни шарқ халқлари азал-азалдан эъзозлаб келади. Айниқса, юртимизда бу айём қадимий, энг севимли умумхалқ байрами сифатида қадрланади. Зеро, айни шодиёна эл- улус қалбида яратиш, бунёдкорлик ҳиссини уйғотади. Кишиларни ҳамжиҳатликка, бирдамликка ундайди.
Қувонарлиси, бугунги кунда яшариш байрами бўлган Наврўзни нафақат юртдошларимиз балки, турли миллат вакиллари, хорижликлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари ҳам қизғин нишонламоқда.
Шундай сайллардан бири АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлиги (USAID ) томонидан тузилманинг Ўзбекистондаги миссияси директори Дэвид Хофман қароргоҳида ташкил этилди.
Байрамга таклиф этилган меҳмонлар, ОАВ ходимлари дошқозонда сумалак тайёрлади. Кўкламнинг машҳур таомини тайёрлаш, буғдой ундириш жараёни ҳақида суҳбат қурилди.
Байрамона безатилган мўъжаз ҳовлида миллий куй-қўшиқлар янгради. Миллий либосимиздаги хорижликлар ушбу айёмнинг мазмун-моҳияти, тарихи ҳақидаги афсона, ривоятларни тинглаб, сумалак ковлашди.
– Сўзим аввалида ўзбек халқини бетакрор миллий байрам – Наврўз билан табриклайман, – дейди жаноб Хофман. – Юртингизга келганимга ҳали кўп бўлмади, аммо гўзал анъана ва урф-одатларингиз, байрамларингиз, миллий либослар ва таомлар ҳақида анчагина маълумот тўпладим: буларнинг бари менга жуда ёқди. Меҳмондўст ўзбек халқига ҳурматим ортди. Шу боис, ўзбек тилини ўрганмоқчиман. USAID томонидан йил давомида мунтазам равишда лойиҳа, тадбирлар амалга ошириб келинади. Бу жараён тинимсиз меҳнат ва изланишни талаб этади. Байрам тадбирлари эса ҳамкасблар билан дилдан самимий суҳбат қуриб, чарчоқни енгиш, янги марралар сари дадил қадам ташлашга замин яратади. Сумалак сайли, Наврўз байрами ҳам бизга шундай имконият берди. Бугун мен учун ўзгача кун. Наврўзнинг асосий таоми – сумалакни илк бор татиб кўрдим, таомни пишириш, буғдой ундириш жараёнини кузатдим. Қисқаси, ҳаётимда жуда қизиқарли, эсда қоладиган воқеа юз берди. Бу йил Наврўз мусулмонлар учун энг муқаддас ҳисобланган Рамазон ойида нишонланмоқда. Демак, қўшалоқ байрам билан барча ўзбекистонликларни самимий муборакбод этаман.
Дарҳақиқат, сумалак сайли ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда ўтди. Боиси, қайси миллат вакили бўлишидан қатъи назар, йиғилганларнинг қалбида фақат эзгулик, яхшилик, меҳр-муҳаббат ҳукм сурди.
Зар чопон кийиб олган АҚШ элчихонаси вакили Энтони бежирим тўннинг чиройлилигини, бетакрор нақшини эътироф этиш баробарида табиий матодан қўлда тикилган, меҳр ила безак берилган, жуда қулай бу кийим ўзига жуда маъқул келганини таъкидлади.
– Бугунги ажойиб кун менга жуда ёқди, – дейди Энтони. – Тошкентнинг ҳамма бозорида сотиладиган сумалакни тайёрлаш маросими Наврўзга хос энг муҳим анъаналардан бири эканини яхши биламан. Кўп марта истеъмол қилган бўлсам-да, бу таом тайёрланишини кўрмагандим. Бугун шу қизиқарли жараёнга гувоҳман. Сумалак узоқ вақт, яъни 24 соатча катта қозонда тинимсиз ковлаб турган ҳолда пиширилар экан. Бу жуда машаққатли, шу билан бирга завқли иш. Мен ҳам сумалак ковладим. Бир сутка дошқозон атрофида тик турган ҳолда таом тайёрлаш ҳақиқий меҳнат эканини англадим. Шунинг учун ҳам сумалакни кўпчилик бўлиб тайёрлашар экан.
Шу ўринда айтмоқчиманки, ранг-баранг, ўзига хос, такрорланмас, жуда ажойиб маданий, миллий анъана ва урф-одатларингиз кўп. Бу маросимларни бошқа ҳеч қаерда учратмайсиз. Ўзбекистонда яшаш ана шундай завқли. Масалан, Риштон, Марғилон, Фарғона шаҳарларига тоғлар оша, гўзал довондан ўтиб бордим. Йўллар мени ҳайратга солди. Ўша саёҳатдан сўнг бошқа шаҳар, туманларни ҳам бориб кўриш истаги пайдо бўлди менда. Юртингизда кўрганларимни оила аъзоларим, америкалик дўстларимга айтиб беришни интизорлик билан кутяпман. Яқинларимга бу юртга келиш, Ўзбекистоннинг ўзгача табиати, инсонлари, тарихи ва маданияти билан танишишни тавсия этиш ниятидаман. Сўзим якунида барча ўзбекистонликларни Наврўз айёми билан табриклайман!
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/mqgf0eD6XNc" title="USAID bilan sumalak sayli oʻzgacha oʻtdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Гўзал Сатторова,
Дониёр Ёқубов (видео),
ЎзА