Қурувчининг дардини ким тинглайди?
Бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ана шундай яхши ниятлар билан иш бошлаган инсонлар оёғига "тушов солиш"га уринадиганлар ҳам учраши сир эмас.
Мамлакатимизда ишбилармонлик салоҳиятини намоён этиш ва ривожлантириш учун яратилаётган имкониятлар юртдошларимизни ижтимоий-иқтисодий тараққиётга муносиб ҳисса қўшишга ундамоқда.
Бироқ гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, ана шундай яхши ниятлар билан иш бошлаган инсонлар оёғига "тушов солиш"га уринадиганлар ҳам учраши сир эмас.
Сайтимизга жорий йилнинг 12 августида Арнасой туман ҳокимлиги томонидан рўйхатга олинган “Насиба қурилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аббос Эшмаматов томонидан ёзма мурожаат келиб тушган эди. Унда айтилишича, 2009 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётган "Насиба қурилиш" масъулияти чекланган жамияти 2019 йилда "Обод қишлоқ" дастури доирасида Арнасой тумани марказини ободонлаштириш ишларида иштирок этади. "2019 йил 16 апрель куни "Насиба қурилиш" МЧЖ ҳамда "Таъмирлаш тиклаш" хизмати Арнасой тумани филиали ўртасида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун шартнома имзоланган эди. Қурилиш ишлари учун молиялаштириш маҳаллий бюджет ҳисобидан белгиланди. Туман харажатлари бюджет қисмига киритилган.
Афсуски, шартномада кўрсатилган 30 фоиз аванс тўлаб берилмади. Натижада ўз маблағим ҳисобидан 188.5 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажардим. Шу орада буюртмачи томонидан жами 100 миллион сўм маблағ тўлаб берилди. Қолган 88 миллион сўмни бугунги кунгача ололмай овора-ю сарсонман. Муаммони ҳал этиш учун мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдим. Шу жумладан, шахсан вилоят ҳокимига ҳам. Аммо фойдаси бўлмади. Натижада, ишчиларимнинг маошларини бериш мақсадида автомашинамни сотишга мажбур бўлдим. Шу билан бирга “Трастбанк” вилоят филиалидан йиллик 30 фоизлик 45 миллион сўм миқдорида кредит олиб, ишчиларимнинг маошини беришга мажбур бўлдим. Шу туфайли қарзга ботдим”, дея баён этади ўз мурожаатида тадбиркор.
Ушбу мурожаат юзасидан Арнасой туманида бўлиб, собиқ туман ҳокими Жамолиддин Бердибоев, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ориф Норбўтаев ҳамда саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ҳоким ўринбосари Рўзимурод Бобоев билан учрашганимизда, улар айни пайтда маҳаллий бюджетда маблағ йўқлигини важ қилиб келтиришди. Бу масала жорий йилнинг октябрь ойида ҳал этилишига ваъда беришди.

Лекин ваъдалар ҳамон ваъдалигича қолмоқда. Шу ўртада туман ҳокими ҳам ўзгарди. Табиийки, янги тайинланган ҳоким Хуршид Алимардонов билан ҳам айни масала юзасидан учрашдик. У яна ўша "эски муовинларга” топшириқ берди. Аслида эса бу “муовинлар” ўзларига сув юқтирмаслик ҳадисини олишган. Хуллас, муаммо ҳал этилмади, тадбиркорнинг эса эшикма-эшик юриб, кимдан ёрдам сўрашни билмай боши қотган.
Дарҳақиқат, Арнасой туманида ўтган йили "Обод қишлоқ" дастури асосида амалга оширилган ишлар натижасида марказ ўзгача қиёфа касб этиб, турар жойлар, корхона ва ташкилот бинолари шаҳарсозлик талабларига мос тарзда қайта қурилиб, таъмирланди. Марказий кўчалар кенгайтирилиб, муҳандислик коммуникациялари янгиланди.
Бу, албатта, таҳсинга лойиқ. Аммо ана шундай бунёдкорлик ишларида ўз маблағи ҳисобидан жон куйдирган "Насиба қурилиш" масъулияти чекланган жамиятининг тақдири нима бўлади? Ваъда қилинган, маҳаллий бюджет томонидан тўлаб берилиши керак бўлган маблағ нима сабабдан ҳалигача тадбиркор қўлига етиб бормаяпти?
—Бормаган жойим, мурожаат қилмаган идорам қолмади, - дейди Аббос Эшмаматов. — Жорий йилнинг февраль ойида Дўстлик туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилдим. Очиқ судда барча харажатлар "Таъмирлаш тиклаш хизмати" давлат унитар корхонаси Арнасой туман филиалидан тўлаб беришлиги бўйича қарор қабул қилинди. Аммо у ташкилотнинг номи бор-у ўзи йўқ. Ҳокимият эса маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиб бермаяпти. Натижада суд қарори ҳалигача бажарилмай келаяпти. Мен эса икки ташкилот ўртасида сарсонман. Бир иш қилай десам, маблағим йўқ, қўлим бормайди. Бир ярим йилдан бери пулсиз, даромадсизман. Мутасадди раҳбарлар қуруқ ваъдадан нарига ўтишмаяпти.
Президентимиз битта тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатса ҳам, бунга “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралиши кераклиги ҳақида кўп бора таъкидлайди.
Демак, муаммолар қуршовида қолган тадбиркорга ёв кўзи билан қарамай, унга мадад қўлини чўзиш ҳаётий заруратдир.
Умид қиламизки, тегишли туман ҳокимлиги бу муаммони тез кунларда ижобий ҳал қилади.
Биз эса мавзуга яна қайтамиз.